Обама Суриядаги исёнчилар учун ярим миллиард доллар сўради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

АҚШ президенти бундай сўров билан мамлакати конгрессига чиқди.

Жаноб Обамага кўра, бунча миқдордаги маблағ Суриядаги “мўътадил” исёнчи кучларни тайёргарликдан ўтказиш ва қуроллантириш учун керак.

Расмий Оқ Уйнинг билдиришича, бу – сурияликларнинг президент Башар Ал-Ассадга мойил кучлардан ҳимояланишларига имкон беради.

Ўз навбатида, Ироқ Исломий Давлати ва ИШИД каби жангари гуруҳларга қарши туришга ҳам замин яратади.

Хабарларга кўра, президент Обаманинг сўнгги сўровига Сурияга қўшни Ироқдаги воқеаларнинг сўнгги ривожи ҳам сабаб бўлаётган бўлиши мумкин.

Яъни, ИШИД илдамлаб бораркан, АҚШ Конгрессининг айрим аъзолари Барак Обамани қандайдир чора кўришга ундашган.

Суриядаги қуролли низолар ўтган уч йилдан буён давом этиб келмоқда.

Сурия ҳукумати ва исёнчи кучлар орасидаги давомий жанглар сабаб, ўн минглаб кишилар қурбон бўлишган ва миллионлаб одамлар дарбадарликка юз тутишган.

“Қўллаб-қувватловимизни ошир”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Оқ Уйнинг билдиришича, ажратиш сўралаётган маблағ АҚШ маъмуриятининг ҳам фуқаровий ва ҳам қуролли Сурия мухолифатини кучайтириш саъй-ҳаракатларига асосланган.

Уларнинг сўзларидан аён бўлишича, янги молиявий кўмак АҚШ Мудофаа вазирлигига Сурия қуролли мухолифатини янада кўпроқ дастаклашга имкон беради.

“Ярим миллиард доллар миқдоридаги маблағ мухолифат назорати остидаги ҳудудлардаги вазиятни барқарорлаштириш ва террорчи гуруҳларнинг таҳдидларига бас келишга ҳам кўмак беради”.

АҚШ маъмуриятига кўра, пул ўзлари ва иттифоқчиларига рақиб жангариларнинг қўлларига тушиб қолмаслиги учун, қайси бир исёнчи гуруҳга ёрдам бериш масаласида жуда эҳтиёт бўлинади.

Аммо президент Обамани бу ишга айрим аъзолари ундашган бўлса ҳам, АҚШ Конгресси унинг сўровини қачон ва қандай қондириши ҳали маълум эмас.

Америка президенти ўтган ой Вест-Пойнтда қилган чиқиши чоғида ўзининг бу каби ниятига ишора қилганди.

Барак Обама, “Сурия мухолифати орасидаги террорчилар ва шафқатсиз диктарорга энг мақбул қаршилик кўрсатиши мумкин бўлганларини янада кўпроқ қўллаб-қувватлаш учун” АҚШ Конгресси билан ишлаш ниятида эканини айтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ