Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Рамазон арафасида: Саудиядан тортиб Ўзбекистону Россияга бир назар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Саудия Арабистонида рўза пайти иш ва жамоат жойларида еган, ичган ва чеккан ҳар қандай ғайриддин подшоҳликдан чиқариб юборилади.

Бундай огоҳлик билан кеча пайшанба куни Саудия подшоҳлиги масъуллари чиқишган.

Мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи эртага шанба куни киради ва бу пайтда мусулмонларнинг рўза тутишлари фарз, деб саналади.

Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлигининг хос баёнотида айтилишича, "ўзга дин вакили эканликлари бунга баҳона бўлолмайди".

"Уларнинг меҳнат шартномаларида мусулмонларнинг диний қадриятларини ҳурмат қилишлари кўзда тутилган".

Вазирликка кўра, "бунга риоя этмаганларга қарши лозим чоралар кўрилади".

"Булар меҳнат шартномаларини бекор қилиб, ўз юртларига депортация этилишларини ҳам кўзда тутади".

Шариат қонунлари қатъий амал қилувчи Саудия Арабистони Шарқ Кўрфазидаги нефтга ниҳоятда бой давлатлардан бири саналади.

Подшоҳликда четдан келганларнинг сони 9 миллиондан ортади ва улардан аксарияти осиёликлардир.

Рамазон ойи давомида эса, мусулмонларнинг саҳардан ифтор пайтигача ўзларини ейиш, ичиш ва шаҳвоний ҳисларидан тийишлари лозим кўрилади.

Ўзбекистонда-чи?

Ўзбекистонда бу йил ҳам Рамазон ойи шахсан президент Ислом Каримовнинг фармойиши билан нишонланади.

Хабарларга кўра, жаноб Каримов куни-кеча бу ойни "муносиб нишонлаш" лозимлиги айтилган буйруққа имзо чеккан.

Ушбу фармойишга мувофиқ, Ўзбекистонда 28 июн Рамазон ойининг биринчи куни, деб саналади.

Фармойишда, яна шунингдек, жамиятда меҳрибонлик, ўзаро ҳурмат ва уйғунлик муҳитини мустаҳкамлашда Рамазон ойининг қанчалар муҳимлиги ҳам урғуланади.

Тошкентдан Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида маҳаллий журналист Абдураҳмон Ташанов, ўзининг кузатувларига таяниб, бу йил ҳам "рўза тутаман деганлар кўп", дейди.

"Рамазон ойи Ўзбекистонда ёзнинг чилласига тўғри келди. Бу маълум қийинчиликлар туғдиради. Мана, бугун жума намозида кўрдик, одамлар жудаям гавжум. Масжидларга бориб, ният қилиб, бир-бирини Рамазон кириб келаётгани билан табриклаётганлар жудаям кўп", - дейди суҳбатдошимиз.

Унга кўра, арафа кунларида бозорлар одамлар билан анча гавжум эса-да, нарх-наволар деярли ўзгармаган.

Гўшт ва гуручнинг бироз қимматлаганини айтмаган-да, ҳатто, сўнгги кунларда шакар ва ўсимлик ёғи бироз арзонлаган, дейди журналист суҳбатдошимиз.

"Энди, Рамазон ойи муносабати билан савдо юришади, деб кўпчилик маҳсулотларини бозорга олиб чиқади. Табиийки, ўзига хос рақобат вужудга келади. Тўғри, бу рақобат нархларни кескин даражада туширгани йўқ. Аммо нархлар бозорларда нисбатан мўътадил", - дейди у.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, ҳозир айни тўкинчилик пайти бўлиши керак эса-да, негадир қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳануз арзонламаган, дейди.

Сўз таровеҳ намозлари ҳақида кетганда, суҳбатдошимиз , “ўтган йили хавфсизлик чоралари нуқтаи назаридан назоратлар бўлгани, лекин намозни ўқийман, деб қасд қилган одамга ундай тақиқ йўқ”, - дейди.

“Лекин озгина бундайроқ кўз билан қарасангиз, албатта чиқади, чунки битта масжиднинг олдида хавфсизлик бўладими, борингки, “шпионлик” бўладими, нима бўлган тақдирда ҳам, битта-яримта милиция ходими туради, битта-яримта пойлоқчилар туради, ёш болалар чиққан бўлишса, уларни қайтаришга ҳаракат қилади”.

Аммо Би-би-си билан суҳбатда бошқа ўзбекистонликларнинг айтишларича, айниқса, давлат идораларида ишлайдиганлар орасида рўза тутиш ва намоз ўқишини яширишга мажбур бўлаётганлар талайгина.

Россияда нима гап?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Агар, расмий маълумотларга таянилса, Россияда 24 миллиондан зиёд мусулмон бор.

Аммо, у ердаги марказий осиёлик ноқонуний меҳнат муҳожирларининг сони ҳам ҳисобга олинса, бу рақамлар 30 миллионга яқинлашиб қолади.

Ўтган йили Рамазон ойи арафасида шахсан Россия Президенти Владимир Путиннинг ўзи мамлакатидаги мусулмонларга табрик йўллагани ҳам бор гап.

Россиядаги меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан шуғулланувчи фаол Баҳром Ҳамроевнинг Москвадан Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, бу йил ҳам рўза тутаман, деган одам кўп.

"Жуда кўпчилик. Ҳатто, намоз ўқимайдиганлар ҳам бугун, албатта, рўза тутамиз, дейишаяпти", - дейди у.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, арафа кунлари эканига қарамай, Москвадаги ҳалол дўкону емакхоналарда нарх-наволар деярли ўзгармаган.

Аксинча, марказий осиёликлар юритувчи кўплаб қаҳвахоналар рўзадорларга текин ифторликлар таклиф қилиш ҳаракатида, дейди у киши.

Бироқ, суҳбатдошимизнинг энг сўнггида эътироф этишича, Россия ҳукуматининг ички ва ташқи сиёсати ўзгармас экан, мамлакатдаги мусулмонлар учун масжидлар тақчиллиги муаммоси бу йил ҳам ўз ечимини топмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02