Хитой: ҳибсдаги уйғур олими Илҳом Тўхта очлик эълон қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳибсдаги Уйғур профессори Илҳом Тўхта бир ҳафтадан бери овқат ейишни рад қилган, деб хабар беради унинг ҳимоячиси.

Илҳом Тўхтанинг ҳимоячиси Ли Фанпин шу ҳафтада илк бор мижози билан учрашишга муваффақ бўлган.

Шинжондаги мусулмон уйғурлар вакили, иқтисод профессори жаноб Тўхта Хитойнинг миллий сиёсатини танқид қилгани учун январ ойидан бери ҳибсда қолмоқда. У бўлгинчиликда айбланмоқда.

Ҳимоячининг сўзларига кўра, март ойида 29 кишининг ўлимига сабаб бўлган Кунмин вокзалидаги ҳужумда уйғурлар айбдор деб топилгач, жаноб Тўхта ҳукмга қаршилик маъносида 10 кун овқат емаган.

У Хитой ҳукуматининг уйғурларга қарши сиёсатини танқид қилиб келган, бироқ Тўхта бирор марта ҳам бўлгинчиларни ёқлагани ҳақида далиллар йўқ, деб айтади ҳимоячи.

Жаноб Тўхта ўзига қўйилган барча айбларни рад қилади.

"У ҳар доим сўзда ва ишда мамлакатнинг миллий манфаатлари ҳамда уйғурлар билан ханларнинг ўзаро интеграцияси учун ҳаракат қилиб келган", дейди ҳимоячи Ли Фанпин .

Унинг қайд этишича, жаноб Тўхта январ ойида Ислом қонунлари тартибларига тўғри келмайдиган овқат берилганига норозилик сифатида 10 кун овқат ейишдан бош тортган.

Қамоқхона ходимлари Тўхтанинг ошқозонидан қон кета бошлагач, унга мажбуран сут беришган.

Хитой охирги пайтларда содир этилаётган жамоат жойларига қатор ҳужумларда уйғур бўлгинчиларини масъулиятли деб билади.

Шу ойнинг ўзида 13 уйғур террорчиликда айбланиб, ўлимга ҳукм қилинган. Шу йил бошидан бери қарийб 300 уйғур қўлга олинган.

Май ойида Хитойдаги стадионданлардан бирида уйғурлар устидан сазойи маҳкама ўтказилган ва ўндан ортиқ киши ўлимга маҳкум этилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ