Саудия Арабистони: Тўйда куёвнавкарлар кўринмади...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Саудияда ҳам келинлар оқ либос кийишади

Саудия Арабистонидаги илк кунларимизнинг бирида эрим билан кичик бир ресторанга кирдик.

Кўз олдимизда бир шиша шароб турар эди.

Рости гап, ҳайратландик, чунки бу мамлакатда алкогол ичимликлар мутлақо тақиқланади.

Бўлиши мумкин эмас!

Шунда…ресторан ходими пайдо бўлди.

Табассум билан бу шишага сал «ижодийроқ» ёндашиш кераклигини айтди.

Шароб шишаларига ўхшатиб ишланган идишларга оддий узум шарбати солинар экан.

Мен ҳам сиздан буёғига «ижодийроқ» ёндашишни ва ё тасаввурингизга бироз эрк беришни сўрайман, чунки, Саудияда бу каби шишаларни айниқса, тўй дастурхонига тортилган ҳолатда суратга олишнинг имкони бўлмади.

Суратга олиш учун тақиққа сабаб атрофда хотин-қизларнинг кўплиги эди…Уларнинг аксарияти бошяланг эди ва бунақа ҳолатда уларга эркакларнинг кўзи тушмаслиги керак. Ҳатто расмларига ҳам…

Тўймисан, тўй!

Мусулмон тўйларида эркаклар ва аёллар алоҳида зиёфат қилишади.

Айрим Яқин Шарқ давлатларида бу каби «алоҳидалик»ка эътибор беришмайди, яъни аралашиб тантана қилишаверади.

Аммо Саудия Арабистонида эркак ва аёллар бу каби ҳолатларда бир-бирларидан ажратилган ва айни қоидага ҳамма бўйсунади.

Алоҳида деганимиз…дейлик, битта рестораннинг икки қаноти эмас, балки бошқа-бошқа тўйхоналар, айрим ҳолатларда аёллар ва эркаклар тўй зиёфатларининг куни ҳам фарқ қилади.

Ўзаро ўхшашлик шундаки, одатда бу каби тўйлар жуда кеч бошланади ва тонгга қадар давом этади.

Эркаклар зиёфатида меҳмонлар келинни умуман кўришмайди.

Аммо аёллар зиёфатига келин-куёв биргаликда келишади.

Яна бир муҳим томони шундаки…Саудияда тўй бошқа Яқин Шарқ давлатлариникидан фарқ қилади.

Оврўпо ва ё Россиядаги тўйлар билан солиштирмасак ҳам бўлади.

Бу фарқ…дабдабада!

Тўй зиёфати бир марта эмас, уч марта ўтказилади.

Табиийки, ҳар бир зиёфатга келин дохил аёллар учун янги кийим-бош керак.

Зиёфатларнинг иккитаси ёш оиланинг қариндош-уруғлари учун уюштирилади.

Икки оила ўзаро келишиб олишади.

Ёшларга никоҳ ўқилади.

Қуръон тиловат қилинади.

Куёв келинга турфа тақинчоқлар ва ширинликлар совға қилади.

Келиннинг оиласи ҳам куёв совғаларидан бебаҳра қолмайди.

Масжидда никоҳ ўқитилганидан кейин улар эр-хотин бўлишади, аммо ҳалича биргалик яшашни бошламайдилар.

Орада яна бир йирик зиёфат бор.

Бунгача тўй куйлагини тикиб тугатиш керак бўлади.

Янги уйни жиҳозлаш ва безатиш ҳам шу орада рўй беради.

Ана шу сўнгги, учинчи зиёфатга юзлаб қариндошлар қаторида дўстлар, ҳамкасблар ва уларнинг ҳам дўстлари йиғилишади.

Зиёфатдан чиқиб олган келин-куёв расман эр-хотинга «айланиб» ҳаёт бошлайдилар.

Эркакларсиз...хурсандчилик

Мен саудияликларнинг тўйлари ҳақида кўп эшитгандим.

Анчадан бери ўзим шунақа тўйлардан бирортасини кўрсам эди деб орзу қилардим.

Ҳатто ўзимча тасаввуримга эрк берардим…аммо ҳақиқий саудияча тўй мен ўйлагандан ҳам кўра ранглироқ ва ёрқинроқ эди.

Ярим тун.

Хотин-қизлар қаторида биз белгиланган манзилга келдик.

Ичкарига кириб ҳижоблар ва абаяларимиздан халос бўлдик.

Зиналардан кўтарилиб борар эканмиз…биз шовқин-суронли, аммо бағоят гўзал бир зиёфатга кириб қолдик.

Қарийб уч юзга яқин ортиғи билан бўянган ва башанг кийинган саудиялик хотин-қизлар қимматбаҳо олмосларга бой тақинчоқларини кўз-кўз қилишарди.

Тўйхонада тилло қандилларни айтмайсизми…

Патнисларда турфа неъматлар улашиларди.

Турфа рангли лазер чироқлар ёритиб турган ўртадаги саҳнада эса хонанда қўшиқ куйлар, раққосалар рақс тушар эди.

Тўй тун бўйи қизигандан қизиб борди.

Йиғилган деярли барча қўшиқларни ёддан билишар ва зўр бериб хонандага жўр бўлишарди.

Саҳнага бирин-кетин меҳмонлар чиқиб рақсга тушишарди.

Ана энди тасаввур қилинг: тўйхонада дабдаба билан бўянгану кийинга уч юздан ортиқ хотин-қизлар билан лиқ тўла, аммо бирор дона эркак йўқ!

Куйлаклар махсус шу зиёфат учун тиктирилган.

Ҳамма кийимлару жиҳозлар машҳур дизайнерларники, тақинчоқларни айтмайсизми! Аёлларнинг бу дабдабали кўринишларининг бари эркакларга эмас, балки бир-бирларига кўз-кўз қилиш учун...

Одатий кунларда эса ҳаммаси одми...Ҳижоб, абая, ниқоблар...Тўй зиёфати эса ҳамма кийим-кечак ва тақинчоқларни кўз-кўз қилиб олиш учун ноёб имконият, бошқа тарафдан ёш қизлар учун ўзларини эҳтимолий қайноналарига намойиш қилиш дегани ҳамдир...

Тонггача давом этадиган зиёфат

Мен эса чекка бир стол қошида камтаргина бўлиб ўтирардим.

Ҳар бир меҳмон қаршисида эса бир парча мато… Менга тушунтиришларича, бу бир марта кийиладиган ҳижоб экан.

Яъни, агар куёв келиб қоладиган бўлса, ҳамма пастки қаватда қолган ҳижобу ниқобларини олиш учун югурмайди, тасаввур қилинг, бу узун пошнали туфлиларда бирданига югуришга тушган аёлларни…Ҳижобни шундоқ оласизу, киясиз, тамом-вассалом.

Ростдан ҳам орадан кўп ўтмай биз икки ёшни бирга кўрдик.

Аввалига куёв пайдо бўлди.

Кўп ўтмай келин кўринди. Улар ҳеч нарса дейишмас, нуқул жилмайишар эди.

Ёшлар бир-бирларига узук тақиб қўйишди.

Келин орқасига қараб қўлидаги гулдастасини ирғитди.

Саҳнада бир ўзларини кўрсатиб юришди.

Буларнинг бари 15 дақиқа давом этди,холос.

Шундан кейин биз қўшни залга кўчдик.

Бу ерда зиёфат дастурхони тузатилган эди. Хуллас, тўй тонггача давом этди.

Айрим саволларга доир

Энди эса менга кўп бериладиган бир қатор саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламан.

-Ҳа, келиннинг либоси оқ рангда эди. Фатаси ҳам бор эди. Икки зиёфатда эса келин одатда сариқ ва ҳаворанг куйлаклар кияди. Сўнгги зиёфатда куёвдан ташқари бирор эркак зоти иштирок этмайди. Шунинг учун ҳам келин бу зиёфатда елкаси очиқ куйлак кийиши мумкин…

- Йўқ, куёв келиннинг юзини тўйда биринчи бор кўрмайди. Тўйгача турфа «кўришиш»лар кечади. Замонавий саудияликлар ўзлари танишишади, аммо қариндош-уруғларнинг келин танлаши ҳам тез-тез рўй беради. Турмуш қуришга мажбурланишмайди.

-Ҳа, Исломда кўпхотинлиликка рухсат бор. Саудияда ҳам бундай оилалар йўқ эмас. Ҳамма хотинлар бирдай таъминланган бўлиши керак, бу тенглик нафақат моддий томонни, балки эрнинг эътиборини ҳам ўз ичига олади. Ҳақиқий ҳаётда бу жуда мушкул бир иш саналади, шунинг учун аксарият кўпхотинли эркаклар бадавлат шахслар ва ё Подшоҳ оиласига яқин саудияликлардир.

- Никоҳ шартномаси доим имзоланади. Бунда мабодо эр-хотин ажраб кетса, моддий масалалар қандай ҳал қилинишидан тортиб, бошқа ҳолатлар ҳам зикр этилади. Масалан, келин келажакда ишлаш истагида бўлса, бу ниятини ҳам шартномада қайд эттиради. Ажралиш масаласида эса ҳам келин ва ҳам куёв ташаббускор бўлишлари мумкин.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ