Президент Порошенко оташкесим муддатини узайтирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Украина президенти Пётр Порошенко россияпараст бўлгинчилар билан бир ҳафталик оташкесим муддатини яна уч кунга узайтирган.

Порошенко жанобларининг ўзининг тинчлик режаси бу орада ижобий натижалар келтиришига умид билдирган.

Донецк ва Луганскдаги айрим бўлгинчи жангарилар раҳбарлари оташкесимга риоя этишларини айтишган, қолганлари эса рад этишган.

Украина президенти сал аввалроқ Оврўпо Иттифоқи билан савдо шартномасини имзолаган эди.

Айни шу шартнома Украинадаги инқирозга сабаб ўлароқ кўрилади.

Порошенко жаноблари шартноманинг имзоланиши Украина учун “тарихий воқеилик” деб таърифлар экан, Россия мамлакатнинг иккига бўлиниб кетиши билан огоҳлантирган.

Мамлакат шарқидаги бўлгинчилар жума куни муросасозлар билан учрашишган.

Улар орасида Украинанинг собиқ президенти Леонид Кучма, Москванинг Украинадаги элчиси ва Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг вакиллари бўлишган.

Аввалроқ, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров оташкесим муддати узайтирилганини олқишлаши, аммо бу бўлгинчилар учун фақат қуролларини ташлаш борасида ултиматум бўлиб қолишига қарши эканини айтган.

Россия президенти Владимир Путин эса оташкесим муддати яна ҳам узайтириш тарафдори эканини айтган.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ