Хитойда дунёдаги энг кекса аёл 128 ёшини қаршилади

Хитой ҳукуматига кўра, ғарбий Шинжон вилоятида куни кеча 128 ёшини нишонлаган аёл инсоният тарихида энг узоқ умр кўрган инсон ҳисобланади.

Уйғур миллатига мансуб Алмихон Саитий Қашқар шаҳри яқинидаги қишлоқда истиқомат қилади.

Хабарда айтилишича, Алмихон момо кексалигига қарамай ўта ҳаракатчан ва қўшиқ айтишни яхши кўради, дуторда ажойиб куйлар чала олади. Ҳатто баъзи-баъзида фермадаги юмушларда ҳам кўмаклашганини кўриш мумкин.

Хитой Давлат телеканали 128 ёшли Алмихон Саитий ҳақида махсус кўрсатув намойиш этган.

Шинжондаги мусулмон уйғурларни бўлгинчиликда айблаб келадиган ҳукумат Саитий момодан Хитой режимини мақтаб гапиртиришга муваффақ бўлган.

"Улар менга оилам, болаларим ва невара-чевараларим билан туғилган кунимни нишонлашга имкон яратиб беритишди. Менинг ҳаётим яхши... Ҳукумат менга яхши муносабатда. Улар мен яшаётган уйни қуриб беришди. Мен жуда хурсандман", деб айтади Алмихон момо мухбирга.

Хитой дунёдаги энг кекса одам ўзининг фуқароси эканини айтса ҳам, мамлакат ташқарасида буни исботлаш мушкулдир.

Тарихчиларнинг фикрича, 19 асрда Хитойнинг чекка ҳудудларида туғилганликни ўз вақтида қайд этиш кам бўлган ва улар ишончли эмас деб кўрилади.

Оврўполик тадқиқотчилар айтишича, дунёдаги энг кекса одам 1997 йилда 122 ёшида вафот этган Франциялик Жанна Келман бўлиши мумкин.

Нима бўлганда ҳам, Алмихон момо Саитий узоқ умр нашидасини оиласи, фарзандлари ва қариндошлари даврасида нишонлаганидан хурсандлиги, яшаган умридан рози эканини айтган.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ