Ироқ Россия қирувчи учоқларини қабул қилиб олган

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Ироқ ҳукумати маълум қилишича, Россия ва Беларус билан келишилган Ироқ ҳарбий-ҳаво кучларига мўлжалланган бешта Сухой “Су-25” қирувчи учоғи етиб келган.

Ироқ Мудофаа вазирлигидан айтишларича, “уч ёки тўрт кундан кейин” Россия қирувчи учоқлари хизматни бошлайди.

Россия билан қирувчи учоқлар борасидаги шартномадан кўзланган мақсад, “терроризмга қарши курашда ҳарбий-ҳаво кучлари ва бутун қуролли кучларнинг жанговорлигини ошириш”, деб айтган Мудофаа вазирлик вакили.

Ўтган ҳафта Би-би-си билан суҳбатда Ироқ Бош вазири Нури ал-Маликий ўзининг ҳукумати Россия ва Беларус билан қирувчи учоқлар сотиб олиш бўйича шартнома имзолагани ҳақида айтган эди.

Хабарларга кўра, битим қиймати 500 миллион АҚШ долларига тенг бўлган.

Россиялик экспертнинг Lenta.ru ахборот агентлигига айтишича, Ироққа олтита Су-30 қирувчи учоғи жўнатилган, бироқ бу хабар Ироқ манбаларидан тасдиқланмаган.

Июн ойи бошидан Ироқнинг шимоли ва ғарбида қатор ҳудудларини босиб олган “Ироқ ва Шом Исломий давлати” жангариларига қарши курашда Ироқ ҳарбий-ҳаво кучлари мушкулликларга дуч келган.

Айрим хабарларга кўра, Ироқ мудофаа вазирлиги тасарруфидаги “ҳаво-қуруқлик” ракеталарининг айримлари тугаб қолган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

28 июн куни Ироқ ҳукумати “Ироқ ва Шом Исломий давлати” жангариларидан Тикрит шаҳрини тортиб олгани ҳақида хабар тарқатган.

Бироқ жангарилар буни рад этганлар.

Ироқ армияси танклари Тикритдан орқага қайтган, деб хабар беради Би-би-си мухбири ҳам.

Ироқ давлат телевидениеси хабар қилишича, 60 тача жангари ўлдирилган ва энди жангарилар назоратидаги Мосул шаҳрига ҳужум қилишга тайёргарлик кўрилаяпти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Тикрит Ироқнинг собиқ раҳбари Саддам Ҳусайн туғилиб ўсган шаҳар ва у ерда асосан Суннийлар истиқомат қилади.

Тикрит шаҳрига ҳужум АҚШ ҳарбий маслаҳатчилари билан мувофиқлаштириб амалга оширилган.

АҚШ Ироқ устида Америка дронлари парвоз қилаётганини тасдиқлаган, бироқ Ироққа юборилган 300 ҳарбий тўғридан-тўғри жанговор амалиётларда иштирок этмаяптилар, улар Ироқдаги америкаликларни муҳофаза қилиш учун юборилган, демоқда.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ