Россияпараст бўлгинчилар халқаро кузатувчиларни озод қилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар май ойи охирида Луганск яқинида ушланган Оврўпо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг вакилларини озод қилишга рози бўлган.

Шу тариқа ҳибсда ушлаб турилган барча кузатувчилар қўйиб юборилган ва улар "Донецк Халқ республикаси" деб аталаётган ҳаракатнинг раҳбари Александр Бородай ҳамроҳлигида бошқа ҳамкасблари турган Park Inn меҳмонхонасига етказилган. Жума куни ҳам тўрт кузатувчи озод қилинган эди.

Жаноб Бородайга кўра, кузатувчилар ўтган вақт давомида "Луганск Халқ республикаси" ҳудудида сақланганлар. Уларнинг аҳволи яхшилиги айтилмоқда.

29 майда бўлгинчилар ЕҲҲТнинг Луганск махсус кузатув гуруҳининг саккиз аъзосини жосусликда айблаб ушлаган, ўшандан буён уларни қўйиб юбориш бўйича музокаралар кетаётганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Кузатувчилар гуруҳини Туркия, Дания, Эстония, Швецария, Олмония, Россия, Ҳолландия ва Испания фуқаролари ташкил қилган.

ЕҲҲТ нинг кузатув гуруҳи Украина ҳукумати таклифига биноан мамлакатга ташриф буюрган, улар олти ой мобайнида фаолият олиб бориши мўлжалланган.

Халқаро ташкилот билдиришича, гуруҳ Украина шарқида тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш бўйича ўз ёрдамини давом эттиради.

28 июнда Президент Порошенко мамлакат шарқида оташкесим муддатини 30 июн соат 22.00гача узайтирилганини билдирган эди.

"Украина ўт очиш тўхтатилган муддатда Россия Федерацияси ҳудудидан одамларни ёллаш пунктлари тугатилади ва Донецк ҳамда Луганск вилоятларида ноқонуний қуролланган гуруҳларнинг ҳаракатларига барҳам берилади деб кутади", дейилади Украина президенти матбуот хизмати чиқарган мурожаатда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Расмий Киев ЕҲҲТ кузатувчилари ҳарбий амалиётлар олиб борилаётган ҳудудлар ва Россия-Украина чегарасидаги вазиятни назорат қилиш тартибини тиклайди деган умидда.

Бироқ Украинадан келаётган хабарларга қараганда, бўлгинчилар қуролларини топшириш ниятида эмаслар.

Якшанбага ўтар кечаси Краматорск аэродромини россияпараст айирмачилар миномётдан ўққа тутганлар. Шунингдек, Славянск ва Қизил Лиман йўллари кесишган ҳудудда назорат пости нишонга олинган.

Украина шарқидаги жанглар натижасида расмий ҳисоблар бўйича 400 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, уларнинг орасида тинч фуқаролар, жумладан болалар бор.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ