Кунмин вокзали ҳужуми учун тўрт кишига айб қўйилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

1 март куни Кунмин вокзалида дуч келган одамни пичоқлаб 29 кишини ўлдирган, 140 кишини жароҳатлаган, деб айбланган тўрт шахсга қотиллик ва терроризм айблови илгари сурилган, деб хабар тарқатган Хитой матбуоти.

Давлат матбуотининг хабар қилишича, Кунмин станциясидаги оммавий қирпичоқ ҳужумчилари сони саккизта бўлган.

Бу ҳужумда ҳам Хитой расмийлари уйғур бўлгинчиларини айблаб чиққан.

Ҳужумчилардан саккиз нафари ўшпа пайтда отиб ўлдирилган, яна тўрт нафари ҳибсга олингани хабар қилинган.

Кунмин вокзалидаги ҳужум бутун Хитойни ларзага солган эди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳужумчилар учи қайрилган қиличлар ва гўшт майдалайдиган катта пичоқларини рўпарасида дуч келган кишига суқиб кетаверганлар.

Синхуа ахборот агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, Кунмин ҳужумининг терговчилари тўрт гумонланувчининг "қотилликни ўз олдига мақсад қилиб қўйган террорчилик хуружини ташкил қилиш, бундай хуружга етакчилик қилиш ёки қатнашишга алоқадор" эканини аниқлаганлар.

Синхуа Хитой Бош Халқ Прокуратураси тергов ҳужжатидан иқтибос келтирган.

Кунмин ҳужумида айбланаётганлар устидан маҳкама қачон бўлиши хабар қилинмаган.

Давлат матбуотининг 30 июн куни тарқатган хабарига кўра, Шинжонда бўлиб ўтган энг сўнгги оммавий маҳкамада 113 кишига 10 йилдан бир умрлик қамоқ жазо чоралари тайинланган.

Бу шахсларнинг терроризм, ноқонуний гиёҳванд моддалар ва кўп хотинлилик каби бандларда айбдор деб топилгани хабар қилинган.

Хитой матбуоти ўтган ҳафта терроризм ва бошқа зўравонликларда айбдор деб топилган 13 кишининг қатл этилганини маълум қилган.

Муҳожиротдаги уйғур гуруҳлари Хитой расмийларини айбланувчиларнинг ўзларини маҳкамада ҳимоя қилиш ҳуқуқларидан фойдаланишларига изн бермаганликда айблайдилар.

Июн ойи бошида Хитой маҳкамаси уч уйғурни ўтган йилги Тянанмен майдонидаги ҳужумда айбдор деб топиб ўлим жазосига ҳукм этган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Май ойида Урумчи шаҳридаги кўча бозорда рўй берган портлашлар камида 31 инсон умрига зомин бўлган.

Расмий Пекинга кўра, хориждаги жангарилар томонидан дастакланган уйғур диний экстремистлари ушбу ҳужумни содир этганлар.

Бунга жавобан Хитой ҳукумати экстремизмга қарши шафқатсиз сиёсат юритишга ваъда берган.

Хориждаги Уйғурлар эса Хитой ҳукуматини мусулмон уйғурларнинг диний ва маданий шахсий ҳаётларига дахл қилаётганликда айблайдилар.

Уйғурларга нисбатан ортиб бораётган Хитой ҳукуматининг босими ҳукуматга қарши ҳужумлар сони кўпайишига олиб келаяпти, дейишади муҳожиротдаги уйғур гуруҳлари.

"Одамларнинг тинч йўл билан ўз норозиликларини изҳор қилишга изн берилмагани янада шафқатсиз қаршилик усулларига ундайди", деб айтган Жаҳон Уйғурлари Қурултойи воизи Дилшод Рашид.

Бу мавзуда батафсилроқ