Италия соҳил қўриқчилари 30 ноқонуний муҳожир жасадини топганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Италия ҳарбий денгизчилари Шимолий Африкадан Сицилия оролига йўл олган ва бортида юзлаб ноқонуний муҳожир бўлган балиқчилик кемасида 30 инсоннинг жасадини топганлар.

Инсонлар нафаси сиқилиб ўлган деб кўрилмоқда.

Балқичилик кемасида ўлган инсонлар жасади борлиги кемадаги муҳожирларни эвакуация қилиш бошланган пайтда маълум бўлган.

Муҳожирлар орасида икки нафар ҳомиладор аёл ҳам бўлган.

Италия ҳарбий денгизчилари хабар қилишларича, шанба-якшанба кунлари Шимолий Африкадан Италияга етиб олмоқчи бўлган 5000 дан ортиқ муҳожирни қутқарганлар.

Мухбирларнинг хабар қилишларича, 30 муҳожир жасади топилган кема чўкаётган бўлганми ёки йўқми, аниқ эмас.

Римдаги Би-би-си мухбири Алан Жонстон айтишича, сўнгги ҳодиса қандай қилиб бўлмасин, Оврўпога етиб олишга қасд қилиб, ҳаддан зиёд кўп одам чиққан ва денгизда сузишга яроқсиз кемаларга чиқаётган инсонлар юзма-юз келаётган хавф-хатарларга эътиборни қаратади.

Италия расмийларига кўра, жорий йил бошидан буён бу мамлакат заминига аллақачон 60000 муҳожир келиб тушган.

Ва ушбу рақам 2014 йилдаги ноқонуний муҳожирлар сони рекорд даражада юқори деб кўрилган 2011 йилдаги 63000 сонидан ошиб кетиши мумкинлигини англатади.

Аксари Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларидан бўлган муҳожирлар Оврўпо соҳилларига етиб олиш учун Ливияда хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган балиқчилик кемалари эгаларига ва контрабандачиларга жуда катта миқдорда пуллар беришади.

Расмийларнинг айтишларича, Италия тарафга муҳожирлар сонининг ортгани сабабларидан бири Ливияда давом этаётган сиёсий беқарорликдир.

Италия эса Оврўпо Иттифоқига қайта-қайта мурожаат қилиб, ноқонуний муҳожирлар муаммосини ҳал қилишда ёрдам беришни сўраб келади.

Июн ойида жуда кўп одам чиққан кема Ливия соҳилига яқин жойда чўкиб кетгани оқибатида камида 39 инсон нобуд бўлган.

Бу ҳаво билан шиширилган кема Италиянинг Лампедуза оролига йўл олган.

Ўтган йили Лампедуза соҳилида кема чўкиши оқибатида 360 одам чўкиб кетган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ