Ўзбекистон Исломий Ҳаракати лидерлари қаерга йўл олишди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Покистон Қуролли кучлари жангариларнинг асосий бошпанаси ҳисобланган Шимолий Вазиристон минтақасига кириб бораркан, бугун кўпчиликни худди шу савол қизиқтирмоқда.

Чунки Покистон ҳарбийлари бераётган маълумотлар орасида ҳозирча на-да Толибон ва на-да Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг лидерлари ҳақида бирор бир сўз йўқ.

Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош қавмлар яшовчи Вазиристон минтақаси эса, йилларки, бу икки иттифоқчининг асосий бошпанаси бўлиб келган.

Устига устак, Покистон ҳарбийларининг ҳам ҳаводан ва ҳам ердан олиб бораётган йирик ҳарбий амалиётлари айнан шу икки ҳаракатни йўқ этишга қаратилган.

Шундай экан, Покистон Толибон Ҳаракати, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва ёки "Ҳаққоний" тармоғи бўладими, уларнинг етакчилари қай ерга ғойиб бўлишди?

Минтақадаги аксариятнинг ишонишича, улар Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош шарқий Хост вилоятига қочиб ўтишган.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Хост Афғонистоннинг вазиристонлик аҳоли бошпана топаётган ягона вилояти ҳисобланади ва бугунга келиб, бу қочқинларнинг сони юз мингдан ортади.

Шундай экан, уларнинг орасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва бошқа жангари гуруҳларнинг етакчилари бўлиши мумкинми?

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шундай савол билан покистонлик журналист Раҳимуллаҳ Юсуфзайга мурожаат қилди:

Раҳимуллаҳ Юсуфзай: Агар, Покистон Қуролли Кучларининг даъволарига қарасангиз, жангариларнинг камида икки нафар юқори мартабали қўмондонини ўлдиришган. Ҳарбийларга кўра, улардан бири Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг қўмондонларидан бири Абу Абдураҳмон ал-Маънийдир. Покистон Қуролли кучлари уни муҳим ўзбек жангари қўмондони, деб аташмоқда. Уларнинг иддао қилишларича, яна Покистон Толибон ҳаракатининг қўмондони Муҳаммад Умарни ҳам ўлдиришган. Лекин, шунда ҳам, бу фақат даъволар, холос. Чунки бу хабарларни мустақил манбалардан тасдиқлаш имконсиз. Вазиристон минтақасида оммавий-ахборот воситалари йўқ. Ҳарбийлар ҳамма нарсани назорат этишга уринишмоқда. Ўзлари эса, ҳар кун бунча жангарини ўлдирдик, шунча бошпанасини вайрон этдик, яна қанчаси таслим бўлди, деган даъволар билан чиқишмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Би-би-си: Айрим хабарларга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатиники дохил жангариларнинг аксарият юқори мартабали қўмондонлари Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош шарқий Хост вилоятига қочиб ўтишган...Бу хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқин? Бу хусусда Покистон Қуролли кучлари нима демоқда?

Раҳимуллаҳ Юсуфзай: Бу хабарлар, ҳозирча, расман тасдиқланмаган. Аммо бундай эҳтимолни назардан соқит этиб бўлмайди. Афғон ҳукумати ҳам Покистондан Хостга қочиб ўтганлар орасида қуроллилари борлиги, тез орада уларнинг яроғларини йиғиштириб олиш режасида эканликларини айтмоқда. Аммо, афғон томонига кўра, қуроллилар жангари эмас, оддий фуқаролардир. Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари ҳам ўзаро чегарадаги вазиятни назорат этиб туришгани, шу пайтгача жангариларнинг Покистоннинг Вазиристон минтақасидан Хост ёки Пактикога кесиб ўтишганига гувоҳ бўлмаганликларини айтишмоқда. Покистон Қуролли Кучлари ҳам бу хусусда расман бир нарса дегани йўқ.

Би-би-си: Сиз, барибир, бундай имкониятни назардан соқит этиб бўлмайди деркансиз, Покистондан Хост ёки Пактикога қочиб ўтган жангариларнинг "яшаб кетиш" имкониятлари қандай?

Раҳимуллаҳ Юсуфзай: Шахсан мен Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари Покистондан Афғонистоннинг шарқий Хост вилоятига қочиб ўтишади, деб ўйламайман. Чунки Хостда улар бошпана топиши мумкин бўлган бирор жамлоқ ёки базалари йўқ. Улар, бунинг ўрнига, Афғонистон Толибон ҳаракатининг таъсири катта бўлган Кўнар ва Нангархор вилоятларини маъқул кўрган бўлишарди. Менимча, улар Шимолий Вазиристон минтақасининг ҳалича Покистон ҳарбийларининг оёғи етмаган ҳудудларига қочиб ўтишган. Устига устак, улар бошпана топаман дейишса, буёғи Жанубий Вазиристон, Ўрикзай, Куррам, Хайбарга ўхшаш минтақалар оз эмас. Шунинг учун ҳам, мен айнан ўзбек жангариларининг Хостга қочиб ўтишганидан шубҳадаман.

Би-би-си: Лекин бугунга келиб, Вазиристон минтақасидан Хостга қочиб ўтганларнинг сони юз мингдан ҳам ортиб кетгани айтилади. Шундай экан, уларнинг орасида жангариларнинг бор-йўқлигини аниқлашнинг ўзи қанчалик имконли бир иш?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Раҳимуллаҳ Юсуфзай: Тўғри, лекин бу афғон ҳукуматининг иши эмас. Юқорида ҳам айтиб ўтганимдек, афғон томони қочқинлар орасида қуролланганлари борлигини ҳам инкор этаётгани йўқ. Буни хостлик маҳаллий аҳоли ҳам тасдиқламоқда. Ва афғон ҳукумати уларни йиғиштириб олмоқчи. Аммо уларнинг орасида жангарилар ҳам бўлиши мумкин, албатта. Ҳарбий амалиётлар сабаб, Покистоннинг бошқа туманларига қочиб борган ярим миллион вазиристонлик орасида ҳам қочқин қиёфасидаги жангарилар бор. Буни инкор этиб бўлмайди. Аммо ўзига хос текширув ўтказибми, бу масалага фақат покистон ва афғонистонлик масъуллар ойдинлик киритишлари мумкин, холос.

Би-би-си: АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Афғонистондан Покистонга қочиб ўтган ва Толибон ҳаракати раҳнамолиги остида улар назорати остида бўлган қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасидан бошпана топишганди.

Аммо сўнгги йилларда уларнинг Афғонистон шимолида қайта фаоллашишга муваффақ бўлгани кузатилади.

Ҳаракатнинг шу йўл билан Марказий Осиё чегараларига яқинлашишга ҳаракат қилаётгани ва шу мақсадда минтақадан янги жангарилар ёллашга уринаётгани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Орада, яъни 2009 йилда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг асосчиси Тоҳир Йўлдош ҳам америкаликларнинг дрон ҳужумида ўлдирилган.

Ўтган йил эса, унинг ўрнига тайинланган куёви Усмон Одил ҳам ҳалок этилганди.

Ҳозир Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига Усмон Ғозий исмли шахснинг раҳбарлик қилаётгани айтилади.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, Толибон ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўртасида жудаям кучли мафкуравий ва диний муштараклик мавжуд.

Уларга кўра, бу икковлон Ўзбекистон учун безовталик омили бўлиб қолаверади ва хорижий қўшинлар Афғонистонни буткул тарк этса, улар солаётган хавф таҳдид даражасига ҳам ўсиб етиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ