Покистон жангарилари қаерга ғойиб бўлишди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Толибон ва бошқа қуролли гуруҳлар Вазиристонни жангарилар уясига айлантиришган

Покистон пиёда қўшинлари ва махсус кучлари ва ниҳоят "жангарилар маркази" - Шимолий Вазиристоннинг Мироншоҳ шаҳарчасига кириб боришди. Йилларки, ҳарбийлар бу амалиётларга қўл уришни истамай келаётганди.

Шаҳарча қудратли маҳаллий гуруҳлар ва уларнинг хорижий иттифоқчилари учун бошқарув маркази ролини ўйнаб келган. Ва мазкур ҳудуд Афғонистон-Покистон чегара минтақасидаги жангарилар бекинган охирги йирик ҳудуд ҳисобланади.

Қўшинлар душанба куни икки ҳафта давом этган ҳаво ҳужумлари ортидан илгарилашди. Расмийлар бундан олдин минтақадаги қарийб ярим миллион аҳолини кўчиришга буйруқ беришганди.

Ҳарбий амалиётлар илк куни нималарга гувоҳ бўлдик?

Журналистлар жанг майдонига қўйилмагани боис ягона манба ҳарбийлар бўлиб қолишмоқда. Улар қақшатқич отишмалар кечгани ва бунда муайян сондаги "жангарилар" ўлдирилганини айтишади. Бундан ташқари, ерости йўллар ва баъзи корхоналардан портловчи воситалар топилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Пиёда қўшинлар ҳужуми икки ҳафтдан бери кутилаётганди

Бироқ, ҳудудда ин қургани айтилган асосий гуруҳлар - Покистон Толибони ё-да, Ҳаққоний тармоғига тегишли юқори ва ё ўрта мавқеъдаги раҳбарлари қаердалиги борасида лом-лим дейилмайди. Ёҳуд шаҳарчада кўплаб хорижийлар билан бирга Вазиристоннинг ўзидан ўсиб чиққан уч жангари гуруҳ борлиги ҳақида ҳам гапирилганди.

Далиллар мазкур гуруҳлар Мироншоҳ атрофи ва Шимолий Вазиристондаги бошқа асосий шаҳарча Мир Алидан аллақачон қочиб қолишганига ишора қилмоқда.

Улардан энг донғи чиқаргани Покистон Толибон ҳаракати иттифоқчиси бўлган ўзбек жангарилари эди. Улар 7 июн куни Карачи ҳаво қўнолғасига ҳужум масъулиятини зиммаларига олиб чиқишганди. Айнан ўзбек жангарилари бу кунги ҳарбий амалиётлардаги асосий нишонлардан бири деб ишонилади.

Аммо, ҳозир уларнинг аксари ҳозир Афғонистоннинг Хост вилоятига ўтиб олганлари тахмин қилинади. Покистон қўшинлари ҳарбий амалиётлар олди чегара бўлинмасини икки ҳафтача назоратсиз қолдиришди.

Ҳаққоний тармоғи етакчилари ҳам худди шу йўлни тутган кўринади. Улар одатда Хост ва Покистоннинг Хуррам қавм ҳудудидан бошпана топишган. Расмийлар рад қилишларига қарамай, Ҳаққоний тармоғи аъзолари минтақадаги хавфсизлик нуқталаридан бемалол ҳаракат қилиб келишган.

Вазиристоннинг ўзидан чиққан Толибон ва унинг афғон иттифоқчилари ҳамон Вазиристон жануби ва ғарбида изғиб юришади. Улар қуролланган ва осонгина кўчиб юрадилар.

Аммо, ушбу жангариларнинг йўлбошчилари - Ҳафиз Гул Баҳодир, Баҳавал Хон ва Хон Саид Сажналар Покистон ҳарбий амалиётларига қарши бирон сўз дейишмади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Қарийб ярим миллион одам Шимолий Вазиристонни тарк этди

Гарчи ҳудудга баъзи Толибон қолдиқларини нишонга олган ҳаво ҳужумлари уюштирилган эса-да, Покистон ҳукумати мазкур минтақани тўла назоратга олиши мумкинлигига ишора бермади.

Айни пайтда қўшни Жанубий Вазиристондаги яна бир жангарилар маскани Вана минтақасига қадам босилгани йўқ.

Хуллас, ҳарбий амалиётлардан бири умумий манзараси шуки, саҳнадан асл "душманлар" ғойиб бўлишган.

Кўплари Афғонистон тарафга ўтиб кетганлари хабар қилинади. Улар жорий йил охирида НАТО қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан сўнг мамлакатда беқарорликларни келтириб чиқаришлари мумкин.

Кўплаб таҳлилчилар бу мутлақо кутилмаган ҳол эмаслигини айтишади.

Танқидчилар узоқ вақтдан бери Покистонни Афғонистон назоратига интилаётганликда айблайдилар. Уларнинг фикрича, Покистон шу йўл билан асосий рақиби Ҳиндистоннинг ўзига қарши "иккинчи жабҳа" очиши олдини олишга уринади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Мироншоҳдаги асосий бозор июн ўрталарида комендантлик соати эълон қилингач, ёпиб қўйилди

Шунингдек, Покистон жангари гуруҳлардан Афғонистонни назорат қилиш ва Ҳиндистонни беқарорлаштиришда фойдаланаётгани айтиб келинади.

Аммо, кўплаб Исломий жангарилар бугун Покистоннинг ўзини қонуний нишон деб кўраркан, таҳлилчиларга кўра, Покистон НАТО ортда қолдираётган Афғонистонда Толибон яна бош кўтаришини истамаётган бўлиши мумкин.

Уларнинг айтишларича, жорий амалиётлар ҳозир кўпроқ жангариларни Афғонистон тарафга суриб чиқариш ва ё уларни буткул йўқ қилишдан кўра чекка ҳудудлар бўйлаб сочиб юборишга қаратилган кўринади.

Шарҳловчиларнинг ишонишларича, ҳамон баъзи қуролли гуруҳлар Покистон учун Афғонистонда Ҳиндистон таъсири кучайиши олдини олишда қурол сифатида зарур бўлиши мумкин.

Хуллас, Покистоннинг айни пайтдаги асосий мақсади ўз чегараларини Афғонистондан оқиб келишлари эҳтимоли бўлган душман гуруҳлардан мустаҳкамлашдир.

Бироқ, Покистон яна бир танловни очиқ қолдирмоқда - у ўз тупроғида қолганлар билан қандай ҳисоблашмоқчи эканига оид режасини ошкор қилмоқчи эмас.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02