Олмонияда АҚШга жосуслик қилишда шубҳаланган шахс ҳибсга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳибсга олинган шахс Олмония ташқи жосуслик хизмати ходими бўлгани ишонилади

АҚШга жосуслик қилишда шубҳаланган шахс ҳибсга олиниши ортидан АҚШнинг Берлиндаги элчиси Олмония Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган.

Олмония Ташқи ишлар вазирлигига кўра, АҚШлик дипломатдан "бир ишга ёрдам бериш" сўралган.

Олмон расмийлари бир шахснинг ҳибсга олинганини тасдиқлашган, бироқ қўшимча маълумот беришмаган.

Ўтган йили АҚШ Миллий Хавфсизлик Агентлиги канслер Ангела Меркелнинг телефон суҳбатларини тинглаб боргани ҳақида даъволар янграши ортидан АҚШ-Олмон муносабатлари совуқлашган эди.

АҚШ Миллий Хавфсизлик Агентлигининг глобал жосуслик дастури ва унинг миқёси америкалик собиқ жосус, Эвдард Сноуден, тарқатган ҳужжатларда ошкор этилган.

Мазкур ҳужжатлар Олмонияда Американинг глобал кузатув дастурига қарши норозиликни кучайтириб юборди.

Берлиндаги Би-би-си мухбири Стив Эванснинг айтишича, Америка ўзига иттифоқчи бўлган давлатда жосуслик қилаётгани ҳақидаги янги иддаолар Америкага Россиянинг Украинадаги фаолиятига қаршилик қилишида Олмония дастагини олишни қийинлаштириши мумкин.

"Ишончсизлик"

Олмон матбуотига кўра, жорий ҳафта ҳибсга олинган 31 ёшли шахс Олмония Федерал Жосуслик Хизмати ходими бўлган.

Олмония канслерининг сўзчисининг айтишича, канслер Меркел Олмония Федерал Жосуслик Хизмати ходимининг ҳибсга олингани борасида хабадор этилган.

Айни дамда Олмония парламенти хавфсизлик қўмитаси Олмониядаги хорижий жосуслик хизматлари фаолиятини текширмоқда.

Der Spiegel журнали хабарига кўра, ҳибсга олинган шахс АҚШлик жосусга пул эвазига хуфия ҳужжатларни бериб борган.

Аммо исми ошкор этилмаган олмон сиёсатчисининг Рейтер ахборот агентлигига айтишича, ҳибсга олинган шахс АҚШга ўз ихтиёри билан ёрдам бериш таклифини қилган.

Парламентнинг хавфсизлик қўмитаси раисдоши, Кристиан Флисек, агар Олмония манфаатлари ҳадафга олингани ҳақидаги шубҳалар тасдиқланса, "ўзаро ишончсизлик янада кучаяди", деб айтган.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ