Украина ҳукумати: Бўлгинчиларнинг аксари Славянскни тарк этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Украина армияси Словянск шаҳри кириш-чиқиш йўлларини назорат қилмоқда

Украина шарқидаги бўлгинчилар Славянск шаҳридаги истеҳкомларини тарк этганлари ҳақидаги хабарларни рад этганлар.

Украина Ички ишлар вазири исёнчиларнинг аксари Славянскни тарк этган эса-да, улардан баъзилари ҳамон шаҳарда эканини айтган.

Украина кучлари шу ҳафта бўлгинчиларга қарши йирик амалиётни бошлаган эди.

Мамлакат президенти Пётр Порошенко оташкесимга рози эканини айтган, бироқ янги музокаралар бошлангани ҳақидаги хабарлар тасдиқлангани йўқ.

Ички ишлар вазири Арсен Аваков Facebook орқали исёнчиларнинг аксари Славянск шаҳрини тарк этган эса-да, улардан баъзилари ҳамон шаҳарда қолаётганини ёзган.

Украина президенти маъмурияти чиқарган хабарга кўра, жаноб Порошенко ҳарбийларга Славянск ҳокимияти биносига Украина байроғини тикишни буйруқ берган.

Жаноб Аваковнинг ёзишича, "баъзи жосуслик" хабарларига кўра, бўлгинчилар ҳарбий қўмондони, Игорь Стрелков, шаҳарни тарк этганлар орасида бўлган.

Аммо бу хабар мустақил манбалар томонидан ҳозирча тасдиқланмаган.

Асл исми Игорь Гиркин бўлган мазкур қўмондон, Украина ҳукумати ва Оврўпо Иттифоқининг даъво қилишича, Россия армияси зобитидир.

Бироқ бўлгинчилар сўзчиси улар шаҳарни тарк этганлари ҳақидаги хабарларни рад этган.

Украина армияси матбуот котиби Алексей Дмитрошковский ҳам Би-би-си билан суҳбатда шаҳар ҳамон бўлгинчилар қўлида эканини айтган.

Президент маъмурияти хабарида таъкидланишича, Славянск шаҳридан чиқиб кетишга уринган бир гуруҳ жангарилар Украина қуролли кучлари ракета ҳужумига тутилган.

Россиянинг Интерфакс ахборот агентлиги хабар беришича, Украина кучлари Артёмовск шаҳрида бўлгинчилар қароргоҳини вайрон қилганлар.

Украина ҳукумати ва исёнчилар хабарларига кўра, апрел ойидан буён Украина шарқида камида 250 нафар оддий фуқаро ҳалок бўлган.

Украина Мудофаа вазирлиги хабар беришича, апрел ойидан буён 200 аскар ҳалок бўлган ва яна 619 нафари жароҳат олган.

Исёнчилар хабарига кўра, камида 800 нафар исёнчи ҳалок этилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотига биноан, шу йил бошидан буён Украинадан Россия ҳудудига ўтганлар сони 110 мингдан ошиб кетган.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ