Олимлар маймунлар тилини ўрганишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Шимпанзе бошқа маймунга нимадир "демоқчи" бўлса, аввало унинг диққатини ўзига жалб қилади.

Олимлар шимпанзелар томонидан фойданиладиган ишоралар тилини англашга ҳаракат қилишди. Тадқиқотчилар сўзларига кўра, 66 ишоралар орқали шимпанзелар бир-бирига 19 тагача турли хил хабарларни етказиши мумкин экан.

Олимлар Угандадаги ёввойи шимпанзелар оиласи ҳаётини кузатишган ва видеога туширишган. Натижада беш мингдан ортиқ шундай муомала кўринишларини муҳрлаб қолганлар.

Тадқиқот натижалари Current Biology журналида чоп этилган.

Тадқиқотга раҳбарлик қилган доктор Катрин Хобайтер сўзларига кўра, бу ҳайвонлар орасидаги ўзаро муносабатга мақсадли тарзда йўналтирилган дастлабки тадқиқотдир.

Унинг айтишича, жониворлар орасида фақат шимпанзелар алоқа тизимини шакллантирган ва у орқали шеригига маълумот етказиш имконига эга бўла оладилар.

"Шимпанзе ишоралари шу билан ҳайратланарли", дейди у.-Фақат улардагина инсон тилига қандайдир ўхшаб кетадиган нимадир бор".

Бундан олдинги тадқиқотлар орқали ҳам шимпанзе ва бошқа маймунлар қичқириқлар маъносини тушуниши ҳақида аллақачон маълум бўлса ҳам, бироқ улар ўзларининг овоз пайчаларидан бирор нарсани етказиш учун мақсадли тарзда фойдаланишлари кўрсатилмаган.

Маъноли қичқириқ

"Мисол учун,-дейди доктор Хобайтер.- Сиз чашкадаги қайноқ кофега тегиб кетсангиз, беихтиёр овоз чиқарасиз ва бармоқларингизни тортиб оласиз. Бундан мен кофенинг иссиқлигини англайман, лекин бундан сиз менга ниманидир хабар бермоқчи эканингиз тушунилмайди".

Image caption Шимпанзе-ижтимоий ҳайвон.

Шимпанзелар ишлатадиган баъзи ишора ва ҳаракатлар уларнинг қичқириқларидан фарқ қилиб, равшандир- улар фақатгина маълум бир вазиятларда ишлатилади ва аниқ бир мазмунни етказади.

Масалан, бошқа маймун эътиборини тортмоқчи бўлган шимпанзе қўлига дарахт баргини олади ва уни намойишкорона тишлайди.

Кўпгина бошқа имо-ишоралар бу қадар аниқ эмас. Агар бир маймун бошқасини ушласа, бу "бас қил" ёхуд "сурил" ва ёки бўлмаса, "менга суян", деган маънони англатиши мумкин.

Бир қанча ҳатти-ҳаракатлар маъносини бир қарашда англаб олиш қийин, лекин видеоёзувлар орқали шимпанзелар у ёки бу ишора орқали нима демоқчи экани ойдинлашади.

Бир видеолавҳада она шимпанзе ерда ўтириб йиғлаётган боласига ўзининг оёғини узатгани кўринади. Бу боласи ўзига ўрмалаб чиқиши мумкинлигига ишора беради. Шунда маймунча дарҳол унинг елкасига чиқиб олади ва йиғлашдан тўхтайди, кейин улар биргаликда ўрмонга йўл олишади.

"Бу тадқиқотлар ҳайвонлар орасида ҳам мазмунли муомала йўлидан фойдаланадиганлари борлиги ва бу борада инсонлар ягона эмаслигини кўрсатади",-дейди Катрин Хабойтер.

"Менинг назаримда, бизнинг орамизда ўйлаганимиздан камроқ фарқ бор. Албатта, унутмаслик керакки, бизда бошқа одамсисон мавжудотлар ичида шимпанзелар билан умумийлик кўпроқ".

Катта бўшлиқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Одамларда шимпанзе билан кўпроқ умумийлик жиҳатлари мавжуд

Манчестер университети доктори Сюзан Шульц бу тадқиқот муаллифларини янги топилдиқ билан табриклайди , бироқ тадқиқот натижалари кўнгилни тўлдирадиган эмаслигини қайд этади.

"Кўп ишораларда аниқ очиқлик етишмаслиги, шимпанзелар гўё бир-бирларига деярли ҳеч нарса демасликлари ёки уларнинг ишора ва ҳаракатларида мавжуд мазмунни тўлиқ тушунишга эришилмаганини англатади", дейди Сюзан Шульц.

"Бундан ташқари, бу имо-ишораларнинг мазмуни бошқа баъзи жониворларнинг муносабатларидан кам фарқ қилади,-таъкидлайди у.- Шундай экан, инсон ва шимпанзелар орасида катта бўшлиқ мавжудлигича қолаверади".

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ