Қрим Татарлар Мажлиси раҳбари Қримга киритилмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Украинанинг Херсон вилоятидан Қримга қайтган Рефат Чубаров чегарада тўхтатилган.

Қрим прокурори уни экстремистик фаолиятга йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирган ва ярим оролга киришини беш йилга тақиқлаган қарор чиқарган.

Бу ҳақда Чубаровнинг ўзи Би-би-си Украина хизматига маълум қилади.

Шанба куни жаноб Чубаров Мажлис йиғилишида қатнашиш учун Геническка борган.

"Қрим чегарасида менга экстремистик фаолиятга йўл қўймаслик ҳақидаги огоҳлантиришни ўқиб беришди. Мен рус тилини тушунмаслигимни, менга украин ёки қрим татар тилида билдиришларини сўрадим. Бироқ бундай қилишмади. Сўнгра менинг паспортимни олиб кетишди ва Қримга кириш тақиқлангани ҳақида қарорни тутқазишди. Ҳозир мени қўйишмаяпти", дейди Чубаров.

"Крым. Реалии" сайтининг хабар беришича, Қрим татарлар раҳбари Мустафо Жемилев Херсондаги йиғилишда ҳукумат Мажлисни ичидан парчалашни хоҳлаётгани ва шу мақсадда Руфат Чубаров ўрнига ҳукуматга мойил одамни қўйишни режалаштираётганини айтган.

Мустафа Жемилев бу ғоя амалга ошмаслиги, боиси у ҳолда Мажлис ўз аҳамиятини йўқотиб, бошқа шаклга ўтишини билдиради.

Бундан олдин, апрел ойида Мустафо Жемилевнинг ўзига ҳам Россия ҳудудига 2019 йилгача кириш тақиқлаб қўйилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

3 майда Жемилевни кутиб олишга чиққан 5 мингдан ортиқ қрим татарлар Россия хавфсизлик кучлари кордонини ёриб ўтишга уринган, бироқ Россия кучлари бунга изн бермаганлар.

Эртаси куни Қрим Республикаси прокурори Наталя Поклонская Мажлис идорасига келиб, экстремистик фаолиятга йўл қўйилмаслигидан огоҳлантирган.

Поклонская хоним у Россия қонунларини бузишда давом этар экан, Қрим татарлар мажлиси тарқатилиши ва унинг фаолияти Россия ҳудудида маън қилинишини таъкидлаган.

Қрим Татарлар Мажлиси Россия Қримни аннексия қилишига қарши чиққан, Қрим Украинанинг бир қисми эканини таъкидлаши Россиянинг ғазабини келтирган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ