Украина: бўлгинчилар Донецкда қайта ташкилотланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Бўлгинчилар раҳбарларига кўра, Донецкга чекиниш "кучларни сақлаб қолиш" учун керак

Украина ҳукумат кучлари бўлгинчиларнинг қатор истеҳкомларини қўлга киритиши ортидан россияпараст исёнчилар Донецкда қайта ташкилотланаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Сўнгги йўқотишларга қарамай, бўлгинчилар ҳануз Донецк ва Луганск марказлари ва бошқа муҳим ҳудудларни назорат қилмоқда.

Улар Донецкга чекинганликларини "тактик чекиниш" деб аташган.

Донецк вилоятининг Славянск ва Краматорск шаҳарларини ташлаб чиқиш ҳақидаги қарор бўлгинларнинг раҳбарларидан бири Игор Стрелков (Гиркин) томонидан қабул қилинган.

Унинг сўзларига кўра, бу каби тактик чекиниш "кучларни сақлаб қолиш" учун керак.

Славянск исёнчиликнинг ўчоғи сифатида кўрилган ва бўлгинчи Донецк Халқ Республикасининг ҳарбий маркази эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Президент Порошенко ғалаба қилишга ҳали эрта эканини айтган

Аммо шанба куни украин кучлари шаҳар ҳокимияти биносига Украина байроғини тикканлар.

Президент Пётр Порошенко шанба куни Славянск шаҳрининг қайтадан забт этилишини "муҳим рамзий аҳамиятга эга" воқеа деб атаган.

Айни пайтда у ғалаба қилишга ҳали эрта эканини айтган.

Украина Ички ишлар вазири Арсен Аваков айрим бўлгинчилар таслим бўлгани, бошқалари эса тинч аҳоли орасига сингиб кетишга ҳаракат қилаётганликларини айтган.

Исёнчилар раҳбарлари якшанба куни Донецк шаҳрининг марказий майдонида намойиш ўтказишга чақиришган.

Би-би-сининг Украинадаги мухбирига кўра, ҳукумат кучлари учун 1 миллион аҳолиси бўлган Донецкда жанг қилиш осон бўлмайди.

Жангларга барҳам бериш юзасидан музокаралар шанба куни бошланиши кутилганди, аммо ҳозиргача музокаралардан дарак йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002