Ироқ инқирози:Жангарилар кимёвий қуроллар омборхонасини эгаллашган

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Кимёвий қуроллар омбори

ИШИД раҳбарлиги остида бўлган сунний жангарилар ҳозир ишлатилмайдиган кимёвий қуроллар заводини эгаллашган.

Бу хабарни Ироқ мулозимлари ҳам тасдиқлашган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига йўлланган мактубда Ироқ ўзининг кимёвий қуролларни йўқ қилиш юзасидан олган мажбуриятларини бажаролмаслигини маълум этган.

Музанна кимёвий қуроллар комплекси Бағдоднинг шимоли шарқида жойлашган бўлиб, бу ерда сарин гази қаторида бошқа заҳарли моддалар билан тўлдирилган эски ракеталар қолдиқлари сақланади.

БМТ ва АҚШ бу омборхонадаги кимёвий қуроллар эскирганини айтишмоқда.

Уларнинг ишонишича, жангарилар айни қолдиқлардан жанговор қурол сифатида фойдаланишлари ўта қийиндир.

БМТ Бош вотиби Пан Ки Мунга йўлланган мактубда Ироқнинг ташкилотдаги элчиси Муҳаммад Али Алҳаким омборхонани жангарилар 11 июнда эгаллашганини ёзади.

“Ироқ кимёвий қуролларни йўқ қилиш борасида олган мажбуриятларини бажаришга қодир эмас”, дейилади мактубда.

Ишонилишича, Музаннадаги омборхонада заҳарли газлар тўлдирилган 2500дан ортиқ ракеталар бор.

Биргина июн ойида БМТга кўра, “ зўравонлик ва террор амаллари давомида” 2417 нафар ироқлик қурбон бўлган.

Улардан 1531 нафари тинч фуқаролардир.

Сўнгги жангларда миллиондан ортиқ ироқликлар ўз уйларини ташлаб чиқишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ