Украина ҳукумат кучлари яна икки шаҳарни "қайтариб олдилар"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Украина ҳукуматининг маълум қилишича, россияпараст бўлгинчилар қўлида бўлган яна икки шаҳар устидан назоратни ўрнатишга муваффақ бўлишган.

Украина президенти Петр Порошенко расмий вебсаҳифасида айтилишича давлат байроғи Артемовск ва Дружкивка шаҳарлари узра ҳилпирамоқда.

Бир кун аввал ҳукумат кучлари бўлгинчилар қароргоҳларидан бири бўлмиш Словянск шаҳрини қайтариб олганлари айтилганди.

Айни вақтда Донецк шаҳрида бўлгинчиларни қўлловчи йирик намойиш бўлиб ўтмоқда.

Бўлгинчи жангарилар Донецк шаҳрида кучларни қайта тўплаб, қурол-аслаҳаларни қўлга киритиш мақсадида шаҳар қамоқхонасига ҳужум қилганлари хабар берилган.

Украина шарқидаги кўплаб бўлгинчилар ҳозирда Донецкда йиғилишмоқда.

Би-би-си мухбирининг хабар қилишича, Артемовск ва Дружкивка шаҳарлари Словянскчалик муҳим бўлмаса ҳам улар устидан ҳукумат назоратининг ўрнатилиши ҳарбий амалиётлардаги бурилиш нуқтасини англатади.

Лекин бўлгинчи кучлар ҳануз Донецк ва Луганск шаҳарларини, шунингдек яна қатор манзилларни ушлаб турибдилар.

Украина расмийлари бу шаҳарларни ҳам қайтариб олишнинг стратегик режаси борлигини айтганлар.

Айни вақтда Донецкдаги россияпарастлар намойишида Россия байроқлари остида Донецк Халқ Республикаси , дея эълон қилинган ҳудудни қўлловчи шиорлар янграган.

Намойишчилар шунингдек, Россия президенти Владимир Путиннинг уларга ёрдамга келишига даъват қилганлар.

Донецкда бўлган бўлган мухбирларга кўра, шаҳарда Словянскдан келган жангариларни кўриш мумкин.

Донецк Халқ Республикасининг раҳбари, дея ўзини эълон қилган Павел Губарев Донецкдаги намойишда йиғилганларга қарата минтақада "ҳақиқий партизан урушини бошлаш ва тажовузкорларни қонга ботириш" ҳақида гапирган.

Ўтган жума куни бўлгинчилар расман Россиядан кўмак сўрашган, аммо улар кутган кўмак етиб келмаган.

Россияпараст кучларга кўра, уларнинг Донецк томон чекинишлари "тактик қадамдир".

Украиндаги жорий можаро ўтган йили ноябр ойида собиқ президент Виктор Янукович Оврўпо Иттифоқи билан ҳамкорлик битимига имзо чекишдан бош тортганидан сўнг бошланганди.

Бунинг ортидан кенг миқёсли норозилик намойишлари бошланиб охир-оқибат жаноб Януковичнинг қудратдан ағдарилишига олиб келди.

Бу ҳодисалар Россиянинг ғазабини қўзғаб, унга жавобан Қрим бўлгаси аннексия қилиб, ўз ҳудудига қўшиб олди.

Апрел ойида Украина шарқида россияпараст бўлгинчилар Донецк Халқ Республикасини эълон қилдилар.

Украина ҳукумати Россияни ушбу амалларни қўллашда айблаб келмоқда. Кремл бу айбловларни рад этмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ