Ҳюстонда отишма юз берган, қурбонлар бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Полиция гумонланган шахсни ушлашга муваффақ бўлган.

АҚШнинг Техас штати Ҳюстон шаҳрида тўрт ёш бола дохил олти киши отиб ўлдирилган.

Полициянинг тахминга қараганда, отишма оилавий можаро ортидан келиб чиққан бўлиши мумкин.

Полиция гумонланувчини отишмада бошидан яраланган қизчанинг хабар бериши ортидан ушлаган.

Ассошиэйтед пресснинг маҳаллий ҳукумат вакилларига таяниб хабар қилишича, қуролли шахс ўз болаларига қарата ўт очган, болаларнинг иккитаси асранди бўлган.

Болаларнинг онаси фожеа юз берган вақтда уйда бўлмагани хабар қилинади.

Отишма натижасида 4 ва 14 ёшли ўғил бола, 7 ва 9 ёшар икки қизча, бундан ташқари 39 ва 33 ёшлардаги аёл ва эркак ўлдирилган.

Полицияга хабар берган 15 ёшли ўсмир қизнинг аҳволи жуда оғир дейилмоқда.

Бироқ у полицияга отаси буви ва бобосининг уйига келиб уларнинг ҳаммасини ўлдиришни олдиндан режалаштирганини айтишга улгурган. Маҳаллий полиция вакили Марк Хэрман тўлиқ тафсилотларга тўхталмаган бўлсада, фожеа оилавий жанжал оқибатида содир этилган бўлиши тахминини айтган журналистларга.

Ҳалок бўлганларнинг ва қотилнинг исми шарифи ошкор этилмаган. Шунингдек, ўлдирилган кишилар болалар ва уларнинг отасига қанчалик алоқадор эканлиги ҳам маълум эмас.

Полиция 30 ёшлардаги соқолли эркакни ушлаганда, у ўзини жуда совуққон тутгани айтилади.

Полиция унинг машинасига яқинлашганда, қочишга уринмаган. Бироқ тўппонча билан ўзини ўлдирмоқчи бўлган, икки соатлик музокаралар давомида эркак ҳибсга олинган.

Америкада фуқароларнинг дўкондан қурол сотиб олишлари таъқиқланмаган.

Бундан олдин рўй берган шу каби воқеалар ортидан Президент Барак Обама дўконларда қурол сотиш тартибини кўриб чиқиш лозимлигини таклиф қилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ