Amnesty: Украинада одамлар ўғирланиб кетиляпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Халқаро Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Украина шарқида намойиш қатнашчилари ва журналистлар ўғирланиб, қийноқларга солинаётгани ҳақида ҳисобот эълон қилган.

"Украина шарқида ўғирлашлар ва қийноқлар" деб номланган ҳисоботда одамларнинг ўғирланганига доир юзлаб маълумотлар келтирилган.

"Ўғирлаб кетишларнинг катта қисми қуролли бўлгинчилар зиммасига тўғри келади. Уларнинг қурбонлари тез-тез шафқатсиз калтаклаш ва ҳақоратларга дучор бўлишади",- дейди Амнести Интернэшнлнинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича директор ўринбосари Денис Кривошеев.

Унинг сўзларига қараганда, ҳуқуқ фаолларида одамларни Украина ҳукумати тарафдорлари ҳам ўғирлашларига оид маълумотлар бор, лекин бундай ҳолатлар анча кам учрайди.

Ташкилотнинг таъкидлашича, кўп одамларнинг ўғирланиши сиёсий манфаатни кўзласа-да, баъзида пул ундириш мақсадида ҳам амалга оширилади.

БМТнинг Украинадаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни кузатувчи гуруҳи охирги уч ойда 222 марта фуқаролар ўғирланганини қайд этган, деб кўрсатади фаоллардаги маълумотлар.

Украина Ички ишлар вазирлиги хабарига биноан, апрел ойидан июнга қадар қарийб 500 киши ўғирланган.

Гаров эвазига озодлик

Amnesty ўз ҳисоботида минтақадаги одамлар кўплаб калтаклаш ва қийноқларга дуч келгани фактларини келтиради.

Жумладан, Украина ҳукумати тарафдори бўлган 19 ёшли Саша деган йигитнинг Луганскда қуролли кишилар томонидан олиб кетилгани ҳақида гап боради.

Фаолларнинг ёзишларича, қуроллилар Сашани 24 соат давомида қўлларига нима учраса ўша билан урганлар.

Калтаклардан юзи моматалоқ бўлиб кетган Сашани отаси ўғли учун 60 минг доллар тўлаганидан сўнг қўйворишган.

Image caption Amnesty International сайтида калтакланган одамларнинг суратлари босилган.

Анна исмли донецклик фаол сўзларига қараганда, уни ДХР жангчилари ўғирлашган ва сўроқ қилишган.

"Улар менинг юзимни уриб синдиришди. Мен калтаклар зарбидан юзимни қўлларим билан ёпиб, бурчакка тиқилиб олдим. Ўзимни ҳимоя қилишга уринишим уларни янада ғазабга келтирди. Бири ташқарига чиқиб пичоқ олиб келди", дейди Анна.

Анна бўйнида, қўли ва оёқларида тиғдан қолган изларни кўрсатади. Унинг айтишича, ўғирлаб кетганлар уни ўз қони билан деворга бўлгинчилик шиорлари ёзишга мажбурлаганлар.

Amnesty шунингдек, 16 ёшли Владислав Мариоуполдаги Украина кучлари акс этган видеони интернетга жойлагани учун ўғирлангани ҳақида ёзади.

Владиславнинг фаолларга сўзлашича, ниқоблик кишилар уни уришган, таҳдид қилишган ва "Украина халқига мурожаат" қилиш ва миллатчилик шиорлари айтиб қичқиришга мажбурлашган.

Amnesty International ҳисоботида 100 дан ортиқ ҳолатларни турли қуролли гуруҳлар амалга ошириб, одамларни мажбуран ушлаб ўтирганлари ва қийноқларга солганларини маълум қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ