Шинжонда террорчиликда айбланган 32 уйғурга ҳукм ўқилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Хитой ҳукумати Шинжонда терроризмга қарши бир йиллик кампанияни бошлаган

Хитой матбуоти хабарига кўра, Шинжон маҳкамаси 32 нафар уйғурни экстремистик адабиёт тарқатиш ва террорчи гуруҳларни тузишда айбдор деб топиб, турли муддатга озодликдан маҳрум этган.

Синхуа Ахборот Агентлиги хабар беришича, айбланувчилардан уч нафари бир умрлик, қолганлари эса тўрт йилдан 15 йилга қадар қамоқ жазоларига ҳукм этилган.

Хитойлик расмийлар жангари уйғур гуруҳларини мамлакат бўйлаб ортиб бораётган зўравонликларни содир этишда айблайди.

Хитой охирги вақтларда фуқаролар ва давлат мулозимларига қарши йирик ҳужумларга гувоҳ бўлди.

Ўтган йил октябр ойида Пекиндаги Тянанмен майдонида юз берган машина портлашида беш нафар инсон ҳалок бўлганди.

Ортидан Урумчи ва Кунминг темир йўл станцияларида ҳужумлар содир этилди.

Шинжон маҳкамаси 32 нафар айбланувчини ўз мобил телефонлари ва ижтимоий медиа тармоқлар орқали экстремистик ва террорга алоқадор мавзулардаги материалларни тарқатишда айбдор деб топган.

Айбланувчилар шунингдек, террорчи гуруҳларни ташкил қилиш ва идора этиш, портловчи моддаларни ясаш ва "миллий адоват қўзғатиш"да айбдор деб топилган.

Май ойида Шинжон пойтахти Урумчи бозорида беш худкуш ҳужумчи 39 нафар инсонни ҳалок этиши ортидан Хитой ҳукумати ўзи айтмоқчи "терроризмга қарши бир йиллик камания"ни бошлади.

Хитой ҳуқуқ тартибот идоралари ўшандан буён терроризм айблови билан кўплаб инсонларни қамоққа олдилар.

Ўтган ойнинг ўзида Шинжонда айни айбловлар билан тўққиз нафар инсон ўлим жазосига ҳукм этилди.

Хитойнинг Шинжонда олиб бораётган сиёсатини танқид қилувчилар минтақада радикализм ва бўлгинчилик кайфиятининг ортиб бораётганига иқтисодий нотенглик, маданий босим ва диний таъқибларни сабаб қилиб кўрсатишади.

Хитой Шинжон минтақасини ривожлантириш учун у ерга йирик сармоялар киритаётганини айтади, аммо баъзи уйғурлар уларнинг анъаналари ва эркинликлари йўқ қилинаётганидан ташвиш изҳор этадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ