Исроилнинг Ғазога ҳаво ҳужумлари қурбонлар сони 100 тага етди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Исроилнинг ўтган тўрт кун давомида Ғазога ҳаво ҳужумларида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 100 га етган.

Қурбонлар орасида аёллар ва болалар бор. Ярадорлар сони 600 дан ошган.

Ҳозиргача бирор нафар исроиллик қурбон бўлмаган.

Исроил ўзининг мақсади Ҳамасга тегишли манзиллар эканини иддао қилмоқда, бироқ ҳалок этилганларнинг аксарияти тинч фуқаролардир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Исроил жангарилар сешанбадан буён учирган 400 дан ортиқ ракетага қарши мингдан ортиқ жавоб амали берганини айтган.

Ҳамас ҳам Исроил ҳудудини ўққа тутишни давом эттирмоқда. Ғазодан отилган ракеталар Исроилнинг жанубий Ашдод шаҳридаги ёқилғи қуйиш шаҳобчасига бориб тушган, уч киши яраланган.

Ливандан Исроил шимолига ҳам ракеталар отилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳамас қурбонлар учун Исроил албатта жавоб беришини таъкидламоқда.

Фаластин раҳбарларига кўра, Ҳамас илгари оташкесимга рози бўлганини билдирган, бироқ Исроил бу келишувни рад этган.

Исроил Бош вазири Нетаняхуга қараганда, Ғазога қуруқликдаги ҳужумлар бошланишига кам фурсат қолган.

Исроилнинг Ғазодаги турар-жой биноларига ҳужумлари халқаро ҳуқуқ ҳолатига зиддир, деган БМТ.

БМТнинг инсон ҳақлари бўйича комиссари Нави Пиллай Исроилни ҳар қандай ҳолатда ҳам аҳоли яшаш масканларига ҳужумга йўл қўймаслик кераклигини айтди.

Бош котиби Пан Ги Мун Яқин Шарқда бошланадиган яна бир уруш минтақа учун ҳалокатли бўлишидан хавотирини билдирган ва томонларни музокарага чақирганди.

Айни пайтда АҚШ Президенти Барак Обама ҳам Исроил ва Фаластинни можарони тезроқ ҳал этишга ундади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02