Владимир Путин Жанубий Америка сафарини бошламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Украина бўҳрони сабаб ғарб санкцияларига учраган Россия ўзига янги иттифоқчиларни қидирмоқда

Афтидан АҚШ ва Ғарб таъсирига қарши ўзига иттифоқчилар излай бошлаган Россия президенти Владимир Путин Лотин Америкасига сафар қилмоқда.

Унинг илк боражак мамлакати - Куба дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш мумкин бўлган давлатлар сирасига киради.

Владимир Путин сафаридан икки кун олдин Россия Кубага берган қарзининг 90 фоизидан воз кечишини маълум қилди.

Жаноб Путин шунингдек, Аргентина ва Бразилияга сафар қилади.

Бразилияда у якшанба куни бўлиб ўтажак футбол бўйича Жаҳон Чемпионати финал матчини тўрт йил сўнгра бўлажак мезбон мамлакат раҳбари сифатида томоша қилади.

Ортидан Россия президенти Бразилиянинг Фортазела шаҳрида БРИКС ташкилотига аъзо давлатлар саммитида иштирок этади.

Дунёнинг энг тез суръатларда ривожланаётган олти давлатини ўз ичига олган ушбу ташкилотга Бразилия ва Россиядан ташқари Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка аъзодир.

Лотин Америкасига сафаридан олдин гапирган Россия президенти Бразилиянинг дунё сиёсий саҳнасида каттароқ рол ўйнаши керак бўлган мамлакатлардан бири бўлиши кераклигини айтган.

"Бу қудратли ва тез суръатларда ўсаётган мамлакат юзага янги дунё тартибида муҳим рол ўйнаши керак," - деб айтган Владимир Путин.

Владимир Путиннинг айтишича, Россия Бразилиянинг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлиш сари интилишларини қўллаб-қувватлайди.

Таҳлилчиларга кўра, Россия ва Ғарб алоқалари Совуқ Урушдан буён энг паст даражага тушган бир паллада жаноб Путин Лотин Америкаси мамлакатларини ғарб устунлигига қарши чиқишларида дастаклашни истайди.

Бекор қилинган қарз

Кубада жаноб Путин президент Раул Кастро ва унинг акаси, Фидел Кастро, билан учрашади.

Улар икки давлат ўртасида ўтган йил имзоланган битим ижроси қай даражада эканини муҳокама этишлари кутилмоқда.

Мазкур битимга мувофиқ, Россия Кубага Совет даврида берилган қарзнинг 90 фоизидан воз кечган ва қолган 10% қарз мамлакатдаги янги қўшма лойиҳаларга йўналтирилиши лозим эди.

Шартнома Россия парламенти юқори палатаси томонидан чоршанба куни ратификатсия қилинган.

1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан сусайган Куба ва Россия муносабатлари охирги йилларда яна қайтадан жонланди.

Ўтган йилдан бошлаб Россия Куба соҳилларида топилган нефт конини қайта ишлай бошлади.

Жаноб Путиннинг айтишича, Россиядаги йирик ширкатлар Кубада пластик маҳсулотлар, машина эҳтиёт қисмлари ва темир йўл саноатига сармоя киритишга қизиқмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ