Афғонистон президентлик сайлови: баҳсга АҚШ аралашди

Image caption Афғонистоннинг баъзи минтақаларида сайлов варақалари қайтадан ҳисоблаб чиқилмоқда

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Афғонистонда иккинчи кундирки президент сайлови натижалари юзасидан чиққан келишмовчиликни бартараф этиш учун музокаралар ўтказмоқда.

Жаноб Керри Кобулдаги президент саройида рақиб номзодлар Ашраф Ғаний ва Абдуллоҳ Абдуллоҳ билан учрашаётир.

Президентликка икки номзод бир-бирини сайлов натижаларини сохталаштиришда айблайди.

Икки давра сайлови дастлабки натижаларига кўра ғолиб дея эълон қилинган жаноб Ғаний овозларни "изчил текшириб чиқишни" таклиф қилган.

Айни дамда, Толибон томонидан содир этилгани ишонилган бомба ҳужумларида 10 нафар инсон ҳалок этилган.

Жанубий Қандаҳор вилоятида ер четига ўрнатилган бомбанинг портлаши натижасида етти оддий фуқаро, жумладан бир неча аёл, ҳалок бўлган.

Шарқий Жалолобод шаҳрида юз берган портлашда эса яна икки нафар инсон қурбон бўлган.

Толибон ағдарилгач қудратга келган Афғонистоннинг жорий президенти Ҳомид Карзай ўн йиллик бошқарувдан сўнг ўз ваколатларини топширмоқда.

Хавфсизлик хавотирлари

АҚШ расмийлари музокараларнинг шанба куни натижа беришига умид билдиришган.

Жума куни Кобулга етиб келган АҚШ Давлат котиби жаноб Ғанийнинг овозларни изчил текшириб чиқиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаган.

"Ҳозирда ҳеч ким ғолиб дея эълон қилингани йўқ. Ниҳоий овозлар ҳисоблаб чиқилиши ва мавжуд муаммоларга ечим топилиши зарур," - деб айтган Жон Керри музокаралардан олдин журналистлар билан учрашар экан.

АҚШ дастлабки натижаларга кўра мағлуб бўлган жаноб Абдуллоҳнинг "параллел ҳукумат" қуриш режасидан хавотирдадир.

Июн ойида бўлиб ўтган сайловнинг дастлабки натижаларга кўра, жаноб Ғаний 56.44 фоиз ва жаноб Абдуллоҳ 43.45 фоиз овоз тўплаган.

Ушбу натижалар апрел ойида бўлиб ўтган илк давра сайлови натижаларидан кескин фарқ қилади.

Илк давра сайловида жаноб Абдуллоҳ 44.9 фоиз, жаноб Ғаний эса 31.5 фоиз овоз тўплаган эди.

Ҳозирнинг ўзида 7 мингдан зиёд сайлов участкалари натижалари қайтадан текширилмоқда.

Мухбирларга кўра, овозларни қайта ҳисоблаш 22 июл куни эълон қилинажак ниҳоий натижаларга сезиларли даражада таъсир кўрсатиши мумкин.

Афғонистондаги БМТ идораси бирон бир номзодни ғолиб деб эълон қилиш "ҳали эрта" эканини айтган.

Айни пайтда Афғонистон бўйлаб хавфсизлик вазияти янада ёмонлашиши мумкинлигидан хавотирлар бор.

Толибон исёнчилари ўтган ҳафталарда Ҳилманд вилоятига кенг миқёсали ҳужум қилиш билан Афғонистон армиясининг жанг қилиш салоҳиятини синовдан ўтказди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ