Ғазода талофатлар сони ортиб бормоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ғазо бўлгасида Исроил ва жангарилар ўртасида отишмалар тун бўйи давом этган. Исроил ўзига қарши ракета ҳужумларини тўхтатишга аҳд қилганини айтмоқда.

Фаластин манбалари 121 фаластинлик нобуд бўлганини хабар қилишган. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, ўлганлардан тўртдан бир қисми оддий инсонлардир.

Исроилга кўра, янги ҳужумларда "60та террор нуқтаси" нишонга олинган. Айни пайтда, Исроил ҳарбийлари Бершеба шаҳрига икки ракета келиб тушганини айтишган.

Фаластин томонига эса, 5 кун бурун Исроил ҳарбий амалиётлари бошланганидан бери юзлаб ракеталар отилди.

Исроилнинг даъво қилишича, жангарилар ва уларга тегишли иншоотлар, жумладан, террорчилар бошлиқлари уйлари нишонга олинмоқда.

Исроил ўлдирилганлар орасида "ўнлаб террорчилар" борлигини ҳам айтади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дипломатик ҳаракатларига қарамай, икки томон ўртасида оташкесимга оид келишувга эришиш аломатлари кўзга ташланмайди.

Бош вазир Бенямин Нетаняҳу жума куни Исроил амалиётларни тўхтатишга қаратилган халқаро босимларга қарши туришини айтиб чиқди.

"Мақсад Исроил шаҳарларида осойишталикни тиклаш ва мен бу мақсадга эришишни истайман", деб айтди Бенямин Нетаняҳу.

Фаластин тиббий манбаларининг хабар қилишича, ўтган тун Байт Лаҳия шаҳарчасида ҳужумга тутилган бино ногиронлар учун хайрия уюшмасига тегишли бўлган. Ҳужум боис, у ерда яшаб келган икки ўсмир ҳаётдан кўз юмган.

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Жабалия қочқинлар жамлоғига ҳужумда Исломий Жиҳод гуруҳи фаоли дохил уч инсон нобуд бўлган.

Ҳамас Исроилнинг Ашдод шаҳрига 4та ракета отганини айтган.

Таҳлил: Би-би-си мухбири Кевин Конолли

Ташқи дунёга Ғазодан отилаётган ракеталар натижасиз туюлиши мумкин, чунки бир томондан улар қўлбола ишланган ва Исроилнинг "Темир гумбаз" номли аксил-ракета мудофаа тизимига мос кўрилмайди.

Бироқ, Исроил аҳолиси ракеталар юзасидан унинг ҳарбий жиҳатдан қанчалар самарали экани учун эмас, бу ҳужумлар ортида турган мақсаддан келиб чиқиб ҳукм чиқарадилар. Уларга 15 лаҳзалик огоҳлантиришни эшитиш билан болаларини етаклаб бомбапаналарга югуриш анъанаси яхши таниш.

Ва улар ўз ҳукуматлари бу ҳолатга чек қўйишини исташади.

Муаммо шундаки, бу ишни амалга оширишнинг осон йўли йўқ.

Ҳатто, замонавий қурол-яроғлар нишонга аниқ уриши борасидаги мифологияга ишонган тақдирингизда ҳам, ҳаво ҳужумлари бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўлиши борасидаги ҳақиқатни қабул қилишингизга тўғри келади.

Исроил ва Ҳамас сўнгги низолардан нимага эришиши мумкин?

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги сешанба куни Исроил ҳарбий амалиётлари бошланганидан бери ўлдирилганлар қаторида 750 инсон, аксари оддий одамлар, тан жароҳати олганини маълум қилган.

БМТнинг Инсонпарварлик масалалари бўйича идораси ҳисоб-китобларига кўра, Ғазода ҳозиргача ўлдирилган инсонларнинг 77 фоизи тинч аҳоли вакилларидир.

Исроил 5 кун ичида 1,160 марта ҳужум уюштирганини ва Ҳамас илк 4 кун давомида 689та ракета отганини айтган.

Ракеталар Исроил томонига зиён етказган ва маълум сондаги инсонлар жароҳат олган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ