Ғазони минглаб одамлар тарк этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Етти кундирки, Ғазо бўлгасига Исроил ҳаво ҳужумлари давом этмоқда.

Исроил Ғазога янги ҳаво ҳужумлардан огоҳлантирар экан, минглаб фаластинликлар бўлганинг шимолий туманларини ташлаб чиқанлар.

БМТ маълумотларига кўра, шу пайтгача қарийб 17 минг фаластинлик уйларини тарк этиб, мактабларда яширинишга мажбур бўлмоқда.

Фаластин расмийлари айтишича, ўтган сешанбадан буён ҳалок бўлганлар сони 172 тага етган, 1260 киши яраланган. Айни пайтда Исроил томондан бир неча киши жароҳатланган, лекин бирорта ҳам қурбон берилмаган.

БМТ ҳисобича, Ғазода ҳалок бўлганларнинг 77 фоизи тинч фуқаролардир. Бироқ Исроил мудофаа вазирлиги бу рақамлар Ҳамас манбааларига асосланганини айтиб, уларни ишончсиз деб атайди.

Исроил ўз нишонлари Ҳамас базалари ва жангарилар раҳбарлари уйларига қаратилганини иддао қилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ғазода кўплаб турар-жой бинолари вайрон этилган.

Исроил ҳарбийлари фаластинлик жангарилар ракета отишни тўхтатмаса, Ғазони ўққа тутишда давом этишини таъкидлаётир.

Якшанбага ўтар кечаси Исроил ҳаво кучлари Ҳамаснинг штаб-квартираси ва полиция бўлинмаларни нишонга олган. Бу Исроилнинг Ҳамасга қарши амалиётлари бошланган 8 июлдан буён энг давомли ҳужуми ҳисобланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Исроил ҳарбийлари Бейт Лахия шаҳри устида янги ҳужумлар олди варақалар сочган. "Биз тинч фуқароларга зарар етказишни хоҳламаймиз. Лекин Ҳамас бинолари яқинида қолиш ўта хатарли эканини айтамиз", дейди Исроил мудофаа вазирлиги вакили.

Икки фуқаролиги бўлган 800 га яқин фаластинлик Исроил орқали Ғазодан чиққанлар.

Бошқа бир фаластинликка қараганда, "уйларини тарк этиш ҳозир жуда хатарли. Ғазода ҳамма ёқда ёнғин, портлаш, кўчаларда юриш умуман хавфсиз эмас".

Фаластин мухториятининг Британиядаги элчиси Мунуэл Ҳусайннинг ББСга айтишича, фуқаролар учун уйларидан бошқа яширинадиган бирорта ҳам жой йўқ. Улар уйларини тарк этсалар, кўчанинг ўзида ҳалок бўлишлари мумкин.

Исроилнинг тутаётган амалини оқлаган Бош вазир Бенямин Натаняху "Тинч фуқароларнинг ўлими учун кечирим сўраймиз. Лекин Ҳамас тинч фуқароларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлмоқда", деган АҚШ телеканалига берган интервюсида.

Исроил Ғазодаги 1320 террор объектлари яксон қилинганини айтган. Ҳамас Исроилга 800 дан ортиқ ракета учирган.

Хабарларга кўра, минглаб Исроил кучлари Ғазо чегарасида қуруқликдаги амалиётларга шай бўлиб туришибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бундан ташқари Исроил Ғазонинг ракета ҳужумлари амалга оширилган туманларига қуруқликдаги қисқа амалиётини ўтказиб қайтган, беш Исроил аскари енгил яраланган. Бу Исроил ҳарбийларининг инқироз бошланганидан бери Ғазо ҳудудига илк бор ўтишидир.

Ҳамас сўзчиси бу рейдни "жирканч ёвузлик" деб атади ва Исроил ўз қилмишлари, бегуноҳ фаластинликларнинг тўкилган қонлари учун албатта жавоб беришини таъкидлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Якшанбага ўтар кечаси Ҳамас ҳам Исроилга ракета отишда давом этди.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши шанба кечқурун томонларни ўт очишни тўхтатиб, музокараларни бошлашга ундади. Бу Исроил-Фаластин можароси бошланганидан бери ташкилотнинг биринчи мурожаати бўлди. Шу пайтга қадар Кенгаш аъзолари юз бераётган воқеалар ҳақида аниқ бир мавқеларини билдирмаган эдилар.

Ғарб давлатлари Ҳамасни ракета ҳужумларида қоралади ва Исроилга босиқлик кўрсатиш, тинч фуқаролар ўлимидан эҳтиёт бўлишга чақирди.

Олмония Исроил ва Фаластин томони билан музокаралар ўтказиш учун ўз вакилини юборишини айтди.

Охирги маълумотлар: БМТ маълумотларига кўра, Ғазонинг шимолий қисмидан 17 мингдан ортиқ фаластинлик қочиб чиққан.

Душанба куни эрталаб Исроил Ҳамасга тегишли уч манзилни нишонга олган.

Исроил Ашдод шаҳри устида Ҳамас дронини уриб туширган.

Исроилга қарши Ливандан туриб ҳаво ҳужуми амалга оширилган.

Араб Лигаси аъзолари Қоҳирада инқирозни муҳокама қилиш учун йиғилмоқчилар.

Исроил-фаластин инқирози июн ойида уч яҳудий ўсмирни ўғирланиши ортидан қайта бошланган.

Унинг орқасидан фаластинлик ўсмирнинг ўлими вазиятни оловлантириб юборган.

2012 йил ноябрда ҳам Исроил Ғазога ҳужумлар қилган, саккиз кунлик ҳужум оқибатида 1000 дан ортиқ фаластинлик қурбон бўлганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ