Украина Россия ҳудудини нишонга олмаганини айтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Кремлга кўра, Россия-Украина чегарасида вазият ўта танглашган

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат ҳарбий хизматчилари Россия ҳудудини ўққа тутгани ҳақидаги даъволарни инкор этган.

"Украин ҳарбий хизматчилари қўшни давлат ҳудуди ва аҳоли масканларини ҳеч қачон ўққа тутмаган, тутмаётир ва тутмаяжак", - дея таъкидланади Украина Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Москва Украина армиясини Ростов вилояти Донецк шаҳрини ўққа тутишда айблаган ва бу ҳодиса "чорасиз оқибатлар"га етаклаши ҳақида огоҳлантирганди.

Россия ҳукумати баёнотига кўра, якшанба куни бир ҳовлига фугас снарядининг келиб тушиши натижасида бир Россия фуқароси ҳалок бўлган ва яна икки киши яраланган.

Украина таассуфи ва эътирози

Украиналик дипломатлар Россиянинг фожиали ҳодисани ҳаққоний ва беғараз баҳолашига умид билдирганлар ва уни ўрганишда ҳамкорлик қилишга тайёрликларини айтганлар.

"Ростов вилояти Донецк шаҳрида Россия фуқароларининг ҳалок бўлиши ва жароҳат олиши юзасидан таассуф изҳор этамиз", - дея баёнот берган Украина Ташқи ишлар вазирлиги.

Айни пайтда Украина ТИВ "Россия ТИВ Украинанинг шарқий вилоятларида украин ҳарбий хизматчилари ва оддий фуқароларининг террорчи қуролли гуруҳлар томонидан ўлдирилишини алалоқибат фаҳмлаши ва таассуф билдириши, террорчиларнинг жиноий амалларини қоралаши ва уларни зўравонликлардан тийилишга мажбурлаши"га умид қилган.

Шу билан бирга Украина Ташқи ишлар вазирлиги "13 июлга ўтар кечаси Украинанинг Изварино аҳоли пункти орқали РФ ҳудудидан ҳарбий техника ва ёлланма жангариларнинг киришга урингани юзасидан" эътироз билдирган.

Украина вакили жангарилар Россия ҳудуди ва тинч аҳолисига ўт очиб, талафотлар учун айбни Украина ҳарбийларига тўнкашга уринаётганига оид кўплаб исбот-далиллар борлигини айтган.

"Навбатдаги тажовуз"

Россия тергов қўмитаси қотиллик амали бўйича жиноий иш очган.

"13 июлга ўтар кечаси Украина армияси фугас снарядлари билан Ростов вилоятининг Донецк шаҳрини ўққа тутди", - дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Россия ТИВ баёнотида таъкидланишича, Россиядаги Украина расмий вакилига ҳодиса юзасидан кескин эътироз билдирилган.

"Россия томони ушбу иғвогарликни украин томонининг суверен Россия ҳудуди ва Россия Федерацияси фуқароларига нисбатан навбатдаги тажовуз амали дея баҳолайди", - дея таъкидланади Россия ТИВ баёнотида.

Ушбу ҳодиса, Москва фикрига кўра, Россия-Украина чегарасида вазиятнинг ўта танглигини кўрсатади ва "маъсулияти Украина зиммасида бўлажак чорасиз оқибатлар"га етаклаши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02