Маҳаллий дўкондор Толибоннинг сирини очди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қанақа сир экан десангиз, жангарилар Rasasi’нинг “Secret Love” ва “Blue Lady” атирлари, “Head and Shoulders” соч шампуни ва “Dove” совунларини хуш кўришлари маълум бўлди.

Бу ҳақда Би-би-сига Толибон жангарилари асосий харидори бўлган шимолий вазиристонлик катта дўкондорлардан Рашид Раҳмон айтиб берди.

Агар, унинг сўзларидан хулоса қилинса, толиблар фақат чет эл маҳсулотларини маъқул кўришади, босиб, босиб сотиб олишади ва нархига келганда, пулнинг бетига қараб ўтиришмайди.

Тафсилотлар

Рашид Раҳмон ҳам Покистон Қуролли кучларининг йирик ҳарбий амалиётлари сабаб, Шимолий Вазиристондан қочиб чиққан.

“Кийимларимдан келаётган бадбўй ҳид учун мени маъзур тутинг. Мен Мироншоҳда худди шаҳзодалардек яшардим”, - дейди у суҳбатимиз ибтидосида.

Қўшни Афғонистон билан чегарага яқин Мироншоҳ шаҳри эса, Шимолий Вазиристоннинг маъмурий маркази саналади.

Рашиднинг айтишича, шаҳарнинг марказий бозорида каттагина дўкони бўлган.

Упа-элик дейсизми, пайпоқ, колготки, электр жиҳозлари,...ҳамма нарса сотардим, - дейди у.

Суҳбатдошимизга кўра, дўконидан энг кўп Толибон жангарилари харид қилишган ва кунига 100.000 ва ҳатто, 115.000 рупиягача ишлаган.

Бу – АҚШ долларига чаққанда 1.000 доллардан ортиқроқ пул деганидир.

Рашиднинг айтишича, ҳар гал дўконига харид учун келишаркан, толиблар жуда кўп нарса олишларига қарамай, ҳеч қачон нархини туширинг, деб майдалашиб ўтиришмаган.

“Улар хорижда ишланган ёки номи чиққан ёрлиқли атир ва дезодорантларни маъқул кўришарди. Ўшанда ҳам, кўпроқ, ҳиди ўткирроқларини сотиб олишарди”, - дейди суҳбатдошимиз.

Атайдан Лаҳорга борардим

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Рашиднинг айтишича, Толибон жангарилари ёқтирган хорижий маҳсулотларни олиб келиш учун атайдан пойтахт Исломобод ва Лаҳорга боришига тўғри келган.

“Толибон жангарилари ўзимизда ишланганларининг бетига ҳам қарашмасди”, - дейди у.

Рашиднинг сўзларидан аён бўлишича, улар кўпроқ Дўбайдаги машҳур “Rasasi” атирлар уйининг “Secret Love” ва “Blue Lady” русумидаги атирларини хуш кўришган.

Ювиниб-таранишлари учун асосан “Head and Shoulders “ ёки “Clear” шампуни ва “Dove” совунини харид қилишган.

Ич кийимга келганда эса, калта, ихчами ёки Y бичимлиси ва фақат оқ ранглисини маъқул кўришган.

Рашид ҳозир ўша кунларини унутиб туришга мажбур – хавфсизроқ бир ер илинжида сарсону саргардон.

Ҳали ҳаво ҳужумлари бошланган пайтда Мироншоҳни ташлаб қочган.

Ҳозир бир миллионга яқин қочқин билан бирга Баннудан бошпана топган.

Аммо ҳукуматнинг вақтинчалик жамлоғига бормаган: Етти ёт бегона бир кишиникида ажарада туради.

Ёши йигирмалар атрофида, қотмадан келган, қарашлари мағрур...Ҳозир тўрт танга пул илинжида шаҳар ташқарисидаги қурилишда қора ишчи бўлиб ишлайди.

Яна бир гувоҳ

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Асл касби тикувчи бўлган мироншоҳлик бошқа бир дўкондор Суҳайл Масиҳ ҳам Рашиднинг сўзлари рост, дейди.

Унинг айтишича, шаҳар бозорининг энг серхарж ва кунда-шундалик харидорлари толиблар бўлишган.

Толибон жангарилари бир харидларининг ўзида 2.000-3.000 рупия пул сарфлашарди, бу – кўпчиликнинг икки ҳафталик маоши дегани, дейди суҳбатдошимиз.

“Улар менинг дўконимга ойналари қорайтирилган йирик оқ рангли машиналарда келишарди ва савдолашиб, пулнинг устида зиқналик қилиб ўтиришмасди”.

“Толибон жангарилари, ҳатто, мен ҳам сотиб олишни ўзимга эп кўра олмайдиган нарсаларни харид қилишарди”, - дейди Суҳайл Масиҳ.

Унинг айтишича, толиблар Покистон Қуролли кучларининг ҳарбий амалиётлари ҳақида аввалдан огоҳ бўлишган ва қўлларида бўлган электроника маҳсулотларини бошқа бировларга арзон-гаровга сотиб юборишган.

Бу - Толибларнинг қанчалик серхаржликларига кўникиб қолган ён-атрофдаги одамларни таажжубга солмай қолмаган.

Рашид суҳбатимиз сўнггида мен ва қўлимдаги “Sony” камерамга яхшилаб назар соларкан, мен сотганлари бундан анча яхшироқ эди, дейди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ