Исроил Ғазо бўйича ярашув таклифини қабул қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption ....Ғазо ҳужумларида ҳалок бўлганларнинг 75 фоизи оддий одамлардир

Исроил Ғазо можаросини тугатиш йўлида Миср ҳукумати илгари сурган ярашув таклифини қабул қилди.

Ғазони бошқарувчи Ҳамас ҳаракати расман жавоб берганича йўқ. Бироқ, унинг қуролли қаноти таклифни "таслим бўлиш"га тенглаб, уни рад қилди.

Таклифга биноан, зудлик билан оташкесим эълон қилинади ва унинг ортидан икки томон иштирокида Қоҳирада қатор учрашувлар ўтказилади.

Фаластин расмийларининг айтишича, саккиз кун аввал бошланган Исроил ҳаво ҳужумлари камида 192 одамни ўлдирган. Исроил бу ҳужумлари ўз ҳудудига жангариларнинг ракета отишларини тўхтатишга қаратилганини айтган.

БМТга кўра, қурбонларнинг камида 75% оддий одамлар бўлган.

1400 нафарча фаластинликлар жароҳат олганлар.

Зўравонликлар авж олганидан бери камида тўрт исроиллик жароҳат олган, лекин ҳеч ким нобуд бўлмаган.

Кафолат йўқ

Бош Вазир Бенямин Нетаняху раислик қилган Исроил хавфсизлик кенгаши сешанба тонгида Миср келишувини қабул қилишга овоз берди.

Би-би-сининг Исроилдаги мухбири Кевин Коннолига кўра, мазкур таклиф таркибида кутилмаган жиҳатлар йўқ.

Бироқ, унинг айтишича, унинг иш беришига ҳеч қандай кафолат ҳам йўқ.

Ҳамас эса Исроил фаластинлик маҳбусларни озод қилмагунча ва Ғазога қўйилган иқтисодий чекловларни бекор қилмагунча, ўз ҳужумлари янада шиддатлироқ бўлишини айтиб огоҳлантирган.

Мухбиримизга кўра, бу каби огоҳлантириш ярашув имкониятларига путур етказади, лекин айни дамда, келишув имконсиз эканини ҳам англатмайди.

Сешанба тонгида Исроил ярашув таклифини қабул қилишидан бироз аввал Ғазо жанубидаги Хан Юнис ҳудудида уч киши ҳалок бўлган.

Исроил манбаларининг билдиришича, тун оша Исроилнинг Эйлат шаҳри ва атрофига камида учта ракета келиб тушган.

Хабарларга кўра, ракеталар Ғазодан эмас, балки Синай ярим оролидан отилганига ишоралар бор.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer