BRICS ташкилоти 100 миллиард долларлик банк тузишга келишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка республикаси раҳбарлари Бразилиядаги саммитда янги 100 миллиард долларлик тараққиёт банки ва захира жамғармасини ташкил этишга келишганлар.

Банк жамғармаси ҳар бир мамлакатнинг тенг улуши асосида барпо этилади.

Янги банк қароргоҳи Шанхайда жойлашади ва унинг биринчи президенти Ҳиндистондан бўлади.

Бразилиянинг Форталеза шаҳридаги саммитни кузатган Би-би-си мухбири Кети Уотсон айтишича, сўнгги дақиқагача саммит коференция зали миш-мишларга тўла эди: бир-бирини рақиб сифатида кўрадиган мамлакатлар ягона банк тузишга рози бўладиларми ёки йўқми?

Ниҳоят ўзаро келишмовчиликларни енгиб ўтишга қарор қилинган.

Мамлакатлар ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий фарқларга қарамасдан, иштирокчилар бой мамлакатлар қўлида Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта жамғармаси сингари ҳаддан зиёд қудратли институтлар борлиги инобатга олиниб келишувга эришилган. BRICS банки, шубҳасиз, Жаҳон Банки ва бошқа минтақавий молия ташкилотларига рақиб бўлади.

Бу гуруҳга аъзо мамлакатлар ҳар доим Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта жамғармасини ривожланаётган мамлакатларга етарли овоз бериш ҳуқуқини бермасликда танқид қилиб келади.

Банк дастлаб ўз фаолиятини 50 миллиард доллар маблағ билан бошлайди.

Янги банкдан кўзланган мақсад, ривожланаётган мамлакатларга қисқа муддатли молиявий кўмак бериш, BRICS ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришни тарғиб этиш, глобал молиявий хавфсизликни кучайтириш каби вазифаларни ўз ичига олади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02