Исроил Ғазо аҳолисини уйларини тарк этиш ҳақида огоҳлантирди

Исроил шарқий ва шимолий Ғазодаги минглаб фаластинликларни уйларини тарк этиш ҳақида огоҳлантирган.

Сешанба куни илгари сурилган Мисрнинг сулҳ ташаббуси Ҳамас ва бошқа гуруҳларнинг Исроилга ракета ҳужумларини тўхтата олмаган.

Исроил тун оша амалга оширилган ҳаво зарбаларида Ҳамаснинг юқори мартабали аъзолари ўлдирилганини айтган.

Фаластин расмийларига кўра, Исроил ҳозирга қадар 204 нафар фаластинликни ўлдирган.

Чоршанбага ўтар кечаси 10 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.

Уларнинг орасида беш ойлик чақалоқ ҳам бор.

'Танлов йўқ'

Исроил армияси Ғазодаги 100 мингга яқин аҳолини маҳаллий вақт билан тонгги соат 8 гача уйларини ташлаб чиқиш ҳақида ҳаводан варақалар ташлаш ва аввалдан ёзиб олинган телефон хабарларини йўллаш орқали огоҳлантирган.

Исроил навбатдаги ҳужумларни фаластин жангариларининг ракета ҳужумлари тўхтамаётгани билан изоҳлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Исроилнинг ҳаво зарбалари Ғазодаги 560 та уйни вайрон қилган

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу ҳарбий амалиётни "кучайтиришдан бошқа чораси йўқ"лигини айтган.

"Ўт очиш тўхтамаган пайти бизнинг жавобимиз ўт очиш", деган у.

Сешанба куни Исроил ҳукумати Миср дастаклаган сулҳни маъқуллаган ва Исроил 6 соатга ҳужумларни тўхтатган.

Аммо Ҳамас воизи сулҳ ташаббуси ҳақида фақат ахборот воситаларидан эшитишгани, келишув тафсилотларини билмасдан туриб, оташкесим ўрнатиб бўлмаслигини айтган.

Ҳамас сулҳ шартлари Ғазо бўлгасидан фаластинликларнинг ҳаётини мушкуллаштирган иқтисодий қамални олиб ташламаганини айтиб, ракета ҳужумларини давом эттирган.

Бунинг ортидан Исроил бош вазири Нетаняҳу Ҳамас "ҳарбий амалиётларни кучайтиришдан бошқа танлов қолдирмагани"ни рўкач қилган.

Ҳамаснинг ҳарбий қаноти Мисрнинг ташаббусини рад этган ва Исроилга қарши уруш янада шиддатли тус олишини айтган.

Исроил армиясининг айтишича, сешанба куни Исроил ҳудудига 140 дан ортиқ, ўтган 8 кун мобайнида эса 1100 ракета отилган.

Ғазодан уюштирилган миномёт ҳужумида 38 ёшли исроиллик ҳалок бўлган.

Бу Исроилнинг ҳаво ҳужумлари бошлаганидан буён берган илк қурбонидир.

Исроилнинг Ғазо билан чегарада ҳарбий сафарбарлик эълон қилиши Тел-Авив қуруқликдан Ғазони ишғол қилишга тайёрланаётгани ҳақидаги фаразларга сабаб бўлган.

БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлигига кўра, Исроилнинг ҳаво зарбалари Ғазодаги 560 та уйни вайрон қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ