Киев Россияни украин учоғини уриб туширишда айблади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Украина армияси мамлакат шарқида бўлгинчиларга қарши ҳарбий амалиёт олиб бормоқда

Украина Миллий хавфсизлик кенгашининг вакили, Андрей Лисенконинг маълум қилишича, чоршанба куни кечқурун Россияга тегишли учоқ Украинанинг Су-25 қирувчи учоғини уриб туширган.

"16 июл соат 19 ларда Россия томонидан навбатдаги иғво амали амалга оширилди. Россия Федерациясининг ҳарбий учоғи Украина ҳудудида вазифа бажараётган қуролли кучларнинг СУ-25 учоғига қарата ракета зарбасини берди", - деб баёнот берган Андрей Лысенко.

"Бизнинг учоғимиз уриб туширилди, катапульта воситасида омон қолган учувчи ҳарбийлар ёрдамида хавфсизлик жойга олиб кетилди. У жароҳат олмаган", - дея илова қилган у.

Хабарларга кўра, Украинага тегишли қирувчи учоқ мамлакат ҳаво ҳудудида ҳарбий вазифасини бажараётган бўлган.

Украина Миллий хавфсизлик кенгашининг вакили, шунингдек Россия армиясини украина мавқеларини "Град" ўточар тизим воситасида нишонга олишда айблаган.

Чоршанба куни ҳаваскор тасвирчи томонидан олинган видеодан украин учоғининг шарқий Луганск вилоятида уриб туширилгани маълум бўлади.

Исёнчилар чоршанба куни Су-25 ҳарбий учоғини уриб туширганликларини айтганлар.

Бўлгинчилар қўмондони Игорь "Стрелков" Гиркиннинг айтишича, учоқ Марвинка чегара ўтиш нуқтасидаги жанглар пайтида уриб туширилган.

Украина расмийлари аввалроқ Россияни транспорт учоғини уриб туширишда айблаган эдилар.

Ан-26 русумли учоқ душанба куни шарқий Украинада уриб туширилган.

Украин расмийлари даъаво қилишича, бўлгинчиларда 4 минг метр баландликда учаётган учоқни уриб тушириш учун етарли ҳарбий ускуналар йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ