Қафасга солиб суд қилишгани учун 16000 Евро жарима

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамаси икки Россия фуқаросининг шикояти устидан уларга 16000 Евро товон пули тўлаш ҳақида қарор чиқарган.

Россия фуқаролари Александр Свинаренко ва Валентин Сляднев Оврўпо маҳкамасига ўзларининг устидан маҳкама жараёни пайти темир қафас ичига солиб қўйилганларидан норози бўлганлар.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамаси қарорига кўра, Россиядаги маҳкама мажлислари пайти гумондор ёки айбланувчини темир қафас ичига солиб қўйиш ўша инсонни таҳқирлаш ҳисобланади.

Инсон ҳақлари Оврўпо Конвенциясига кўра, ҳеч кимнинг қадрини ерга уриш ёки таҳқирлаш мумкин эмас.

Александр Свинаренко 2002 йилда, Валентин Слядневни эса 2003 йилда Россияда ҳибсга олишган.

Улар икковини ҳам уюшган жиноий гуруҳ тузиш, қароқчилик, товламачилик ва бошқа бандларда айбдор деб топиб, турли йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этганлар.

Александр Свинаренко ҳозир Мурманск вилоятида қамоқхонада сақланмоқда.

Валентин Сляднев эса Магадан вилоятидаги эркин ҳаракатланиш мумкин бўлган колонияда сақланаётгани хабар қилинган.

Александр Свинаренко ва Валентин Сляднев Оврўпо маҳкамасига 2008 йилда шикоят билан мурожаат қилганлар.

"Маҳкама қарор қиладики, ариза топширувчиларни маҳкама муҳокамаси пайтида ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайдиган металл қафасда сақлаш уларнинг қадрини таҳқирлайдиган муомала бўлган", деб ёзилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамаси қарорида.

Оврўпо маҳкамаси қарорига кўра, Россия давлати инсон ҳақлари бўйича Оврўпо Конвенциясининг икки бандини бузган.

Биринчиси 3-банд бўлиб, унда "қийноқ ва ноинсоний ёки инсон қадрини таҳқирлайдиган муомала ёки жазо тақиқланган".

Кейнгиси 6-банд, унда "маҳкама ишини ақлга мувофиқ муддат ичида адолатли кўриб чиқиш ҳуқуқи"га тааллуқли бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ