Украинада Малайзия йўловчи учоғи ҳалокатга учраган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Олинаётган хабарларга кўра, бортида 295 инсон билан Амстердамдан Куала-Лумпурга парвоз қилаётган Малайзия учоғи Украинанинг Россия чегарасига яқин ҳудудида ҳалокатга учраган.

Парвоз номи MH 17 бўлган "Боинг-777" учоғи билан Украина осмонида алоқа тўсатдан узилгани ҳақида хабар қилган "Малайзия Ҳаво йўллари" ширкати.

Учоқда 280 йўловчи, 15 экипаж аъзоси бўлган.

Украина Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Герашченконинг Facebook да ёзишича, 295 одамни олиб кетаётган учоқ Украина шарқида уриб туширилган.

Бошқа бир украин расмийси айтишича, учоқ ўзининг ҳар доимги йўналиши - ер сатҳидан 10000 метр баландликда радарлардан ғойиб бўлган.

Бу жойларда Украина армияси билан россияпараст бўлгинчилар ўртасида жанглар бормоқда.

"Ҳозиргина Торез аҳоли маскани устида террорчилар Путин тақдим этган "Бук" ракета комплекси билан Куала - Лумпур - Амстердам фуқаролик учоғини уриб туширганлар. Бугун эрталаб маҳаллий ватанпарварлар бундай комплексларнинг Торез тарафдан Снежное томонга ҳаракатланаётганини кўрганлар", деб ёзган Украина Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Герашченко.

Россиянинг ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги хабар қилишича, учоқ Россия чегарасидан 60 километрча узоқликда ерга қулаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россиянинг бошқа бир ахборот агентлиги "Интерфакс" хабарига кўра, учоқ Донецк шаҳридан 80 километр узоқликда, Снежное аҳоли маскани яқинида қулаган.

Украинанинг Донецк вилояти Торез шаҳри яшовчиларига таяниб Россиянинг "РИА Новости" агентлиги хабар қилишича, АН-26 учоғи қулаган.

"Биз учоққа ракета урилганини, портлаш юз бериб, орқасидан қора тутун қолдириб ерга қулаганини кўрдик. Осмондан қандайдир қолдиқлар тўкилди", деб айтган маҳаллий одамлар.

Торезликлар "Боинг" учоғини АН-26 деб қабул қилган бўлишлари мумкин.

Ўзларини Донецк халқ республикаси деб эълон қилган бўлгинчилар Малайзия йўловчи учоғи ҳалокатига алоқалари йўқлигини айтган.

Ўзини Донецк халқ республикаси хавфсизлик кенгаши аъзоси деб тақдим қиладиган Сергей Кавтарадзе Украина армиясини учоқни уриб туширишда айблаган.

Унинг айтишича, бўлгинчилар қўлида 10 километр баландликдаги учоқни уриб туширадиган қурол йўқ."Бизнинг кўчма зенит-ракета тизимларимиз энг баланди уч минг метрдаги нишонни ура олади. Учоқни Украина томони уриб туширган", деб айтган Сергей Кавтарадзе.

Учоқ қулаган Грабово қишлоғи яқинидаги жойга борган Reuters мухбири ёнаётган учоқ қолдиқларини, ўнлаб инсонлар жасадларини кўрган.

Reuters мухбири хабар қилишича, учоқ қолдиқлари 15 километрлик масофага сочилиб кетган.

Халқаро йўловчи ташиш билан шуғулланадиган бир неча авиаширкатлар Украина ҳаво ҳудудини четлаб ўтишга қарор қилганлар.

Бу ҳақда Франциянинг Air France, Олмониянинг Lufthansa, Россиянинг "Трансаэро" ва S7 ширкатлари маълум қилганлар.

Расман Украина осмони халқаро парвозлар учун ёпилмаган.

Бироқ Малайзия учоғи ҳалокатидан сўнг авиаширкатларнинг ўзлари Украина ҳудудини четлаб ўтиш қарорини олганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ