'Бўлгинчилар Малайзия учоғи қулаб тушган жойга киришга имкон беради'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина шарқидаги россияпараст бўлгинчилар халқаро текширувчиларнинг "Малайзия Ҳаво йўллари"га тегишли учоқ ҳалокатга учраган ҳудудга киришларига изн беришади.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг айтишича, исёнкорлар минтақада хавфсизликни сақлаш ва жасадларни топишга имкон яратишга ваъда қилишган.

Бўлгинчилар бунга ОХҲТ, Украина ва Россия юқори мартабали вакиллари билан видео орқали ўтказилган йиғин ортидан рози бўлишган.

Бордида 298 кишини олиб кетаётган самолёт пайшанба куни бўлгинчилар назоратидаги минтақага қулаб тушганди.

Украина ҳодиса жойини "учиш мумкин бўлмаган ҳудуд" дея эълон қилган.

Бошқа ҳаво йўллари ширкатлари эса, Украина шарқини четлаб ўтувчи парвоз йўлларини кўриб чиқишаётганини билдиришган.

Фожеий рейс MH17: Ҳалокат сатҳидан фоторепортаж

Учоқда кимлар бўлган?

Украина ички қарама-қаршиликларидаги томонлар бир-бирларини йўловчи учоқни ракета воситасида уриб туширишда айблашган.

"Боинг-777" учоғи Амстердамдан Куала-Лумпурга парвоз қилаётган бўлган. Самолёт Луганск минтақасидаги "Красный Луч" ва қўшни Донецкнинг "Шахтарск" шаҳарлари ўртасида қулаб тушган.

"Малайзия Ҳаво йўллари" ширкатига кўра, парвоз номи MH17 бўлган учоқдаги йўловчиларнинг камида 154 нафари Холландия, 27 нафари Австралия, 43 нафари Малайзия (жумладан, 5 нафари экипаж ходимлари) 12 нафари Индонезия ва 9 нафари Британия фуқаролари бўлишган.

Қолган йўловчилар Олмония, Белгия, Филиппин ва Канададан экани қўшимча қилинади.

"Малайзия Ҳаво йўллари" жорий йил иккинчи бор йирик ҳалокатдан жабр кўрмоқда.

Парвоз рақами MH370 бўлган учоқ ўтган март ойи Малайзиядан Хитойга кетиш йўлида бедарак йўқолган ва ҳанузгачада топилмаган.

Ҳалокат ортида ким турган бўлиши мумкин?

Ҳозирча расмий Украина ҳам, Россияпараст исёнчилар ҳам бир-бирларини айблашаяпти.

Украина Президенти Пётр Порошенко: "Террорчилар бир ўқ билан камида 300 одамни ўлдирдилар", деб айтди.

Унинг айтишича, ушбу ҳодиса Украинадаги уруш мамлакат сарҳадларидан чиқиб кетганини англатади.

Бироқ, Россия Президенти Владимир Путин фожеа учун масъулият ҳодиса қаерда юз берган бўлса, шу мамлакат ҳукумати бўйнида эканини айтди.

Маҳаллий матбуот ва Россиялик эксперт Павел Фельгенгауэрга кўра, исёнчилар аввалига Украинанинг АН-26 учоғини уриб туширганлари борасида хабарларни тарқатганлар, бироқ бу видео ва ёзма хабарлар кейин олиб ташланган.

Исёнчилар ўзлари юқори тепаликда учадиган бу каби учоқни уриб туширишга ҳарбий жиҳатдан қурблари етмаслигини айтишди.

Аммо, Украина ҳукуматининг даъво қилишича, учоқни айнан Россияга алоқадор исёнчилар уриб туширганини исботловчи телефон суҳбатлари мавжуд. Айтиш жоизки, бу тасма мустақил манбалардан тасдиқлангани йўқ.

Бу суҳбатларнинг бирида Майор ва Грек номли шахслар рус тилида сўзлашаётгани эшитилади.

Унда Майор Грекка Чернухин назорат нуқтасидаги казаклар, яъни исёнчилар тарафида курашаётган казаклар отряди учоқни уриб туширганларини айтади.

Майор, шунингдек, 200 одамнинг жасадини топганлари, бу 100 фоиз йўловчи учоқ бўлганини билдиради.

Кейинги суҳбатларда исёнчилар экани айтилган суҳбатдошлар учоқнинг йўловчи экани аниқлангач, ўзлари бироз йўқотганлари ва сўкинганлари эшитилади.

Украина ҳукумати ҳам бу ҳудудда учоқларни уриб туширувчи ракета қуроллари бўлмаганини айтаяпти, чунки ҳудуд исёнчилар қўлида.

Лекин, ББС таҳлилчиси Жонатан Маркусга кўра, охирги пайтда Россия чегарага жуда кўплаб оғир артиллерияни тўплаб қўйган ва оз-оздан уларни исёнчиларга бераётган бўлиши мумкин.

Россиялик ҳарбий эксперт Павел Фельгенргауэрнинг айтишича, исёнчилар бундан аввал 6 чақирим баландлиқдаги АН-26 учоғини уриб туширганлар, энди уларга Россия томонидан "Бук" ёки "Оса" русумли аксилракета қуроллари берилган бўлиши мумкин. Аммо, буни ҳам ҳеч ким аниқ билмайди.

Халқаро муносабатлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши бугун Нью Йоркда фавқулодда йиғин ўтказиши кутилади.

Қатор давлат раҳбарлари ҳодисани қоралаб чиққанлар, хусусан, АҚШ Президенти Барак Обама ва Олмония канцлери Ангела Меркел шарқий Украинада зудлик билан оташкесим ўрнатилишига чақирдилар.

Би-би-си таҳлилчиларига кўра, агар "Боинг-777" учоғи Россия томонидан берилган қурол билан уриб туширилгани тасдиқланса, Оврўпо Иттифоқи давлатларига Россияга қарши янада қаттиққўлроқ чораларни киритиш бўйича босимлар ортади.

Холландия Бош вазири Марк Рютте мамлакат мотам тутаётганини айтган. Амстердам аэропортида гапирган Марк Рюттега кўра, гўзал ёз куни рутубатли ниҳоя ила тугаган.

Учоқда бўлган Холландия фуқаролари сони ҳозир 189 нафар дейилмоқда.

Ушбу йўловчиларнинг кўпи СПИД бўйича тадқиқотчилар, тиббиёт бўйича мутахассислар ва фаоллар бўлишган ва улар Австралияда бўлиб ўтиши лозим бўлган халқаро анжуманга кетишаётган бўлган. Халқаро СПИД Жамияти собиқ президенти Joep Lange ҳам нобуд бўлганлар орасида экани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02