Россия америкаликларга қарши жазо чораларини киритди

Image caption Кремль АҚШ жазо чораларига жавоб қайтараётганини айтади

Россия Ташқи Ишлар Вазирлиги Вашингтон жазо чораларига жавобан 12 АҚШ фуқаросига Россияга киришни ман қилган.

Москва томонидан Абу-Ғрайиб ва Гуантанамо ҳибсхоналаридаги қийноқларга алоқадор деб кўрилган шахслар энди Россияга киритилмайди.

"Ўтган йили "Магницкий рўйхати"даги 18та фамилияга жавобан "Гуантанамо рўйхати" эълон қилинганди. Бу сафар ҳам тенг равишда жавоб қайтариб, 12 америкаликка Россияга киришни таъқиқладик", - деди Россия Ташқи ишлар вазирлиги воизи Александр Лукашевич.

"Рўйхатга Ироқдаги Абу-Ғрайиб қамоқхонасида тутқунларни таҳқирлаган америкалик ҳарбийлар ёки бу жиноятларни яширган шахслар тушди", - дейилади Россия баёнотида.

Рўйхатдаги энг юқори даражали шахслар - Гуантанамо базасининг қўмондони Конгрессмен Жон Моран ва 2003-2004 йилларда Ироқдаги АҚШ ҳарбийларига қўмондонлик қилган Ричард Батлер.

Май ойи ўртасида АҚШ Молия вазирлиги "Магницкий иши" билан боғлиқликда инсон ҳуқуқлари бузилишига масъул деб кўрилган 12 россияликнинг рўйхатини чоп қилганди.

Чоршанба куни эса АҚШ Россия Украина шарқидаги инқирозни юмшатиш йўлида етарлича чора кўрмагани учун Россия иқтисодий учун аҳамиятли бўлган қатор ширкатларга қарши жазо чораларини киритди.

"Иқтисодий чекловлар барибир бориб-бориб жазоловчининг ўзига таъсир қилади ва Россия бозори сари йўналтирилган Америка ширкатларига, шубҳасиз, зарар етказади. Аслида, АҚШ ўзини жазолаяпти", - деди Лукашевич.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer