АҚШнинг янги элчиси Туркманистондаги инсон ҳақлари вазиятини қоралади

Image caption Алан П.Мастард Сенатдаги чиқишида Туркманистондаги инсон ҳақлари вазиятини қоралади

АҚШнинг Туркманистондаги янги элчиси вазифасини бажаришга тайёрланаётган Аллан П.Мастард АҚШ Сенатидаги чиқишида Туркманистондаги абгор инсон ҳуқуқлари вазияти борасида кескин баёнот қилди.

Унинг айтишича, АҚШ ва Туркманистон ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммолар тўсқинлик қилаяпти.

"Туркманистон ҳукумати ўз фуқаролари турмуши устидан назорат олиб боришни истайди. Агар мен бу лавозимга тайинлансам, мен инсон ҳуқуқлари, хусусан эркин ҳаракат қилиш ва ўз фикрини эркин изҳор қилишга қўйилган тўсиқлар, диний удумларга ўтказишга қўйилган тўсиқлар, ўзбошимча ҳибслар ва маҳбусларнинг қийноққа тутилишига боғлиқ масалаларни ҳал қилишда Туркманистон ҳукумати билан фаол иш олиб бораман", - деди у.

Туркманистон нафақат Марказий Осиёдаги, балки бутун дунёдаги энг қаттиққўл авторитар тузумлардан бири ҳисобланади. Мухолифат фаоллари ва мустақил журналистлар мунтазам равишда ҳибсга олинадиган ва ўз яқинлари маълумотисиз бедарак йўқоладиган бу мамлакатдаги инсон ҳақлари вазияти халқаро ташкилотларнинг йиллик ҳисоботларида энг абгор ўринларни эгаллаб келади.

Аллан П.Мастард инсон ҳуқуқлари масаласи мураккаб масала эканига қарамай, бу соҳада Президент Гурбангули Бердимуҳамедов маъмурияти билан яқиндан мулоқот қилишини билдирди.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари Оврўпо Иттифоқи ва АҚШни стратегик жиҳатдан муҳим деб кўрилган Марказий Осиё давлатларидаги инсон ҳақлари бузилиши ҳолларига кўз юмиб келишда айблаб келадилар.

Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Крейг Маррей 2003 йилда Президент Ислом Каримов маъмурияти остида мамлакатда юзага келган абгор инсон ҳақлари вазиятини танқид қилиши ортидан лавозимдан четлатилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer