Ғазо: Қурбонлар сони 500дан ортган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

БМТ Хавфсизлик Кенгаши ёпиқ эшиклар ортида фавқулодда мажлис ўтказиши ортидан, Ғазода зудлик билан оташкесим ўрнатилишига чақирди.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Исроилнинг Ҳамас жангариларига қарши олиб бораётган ҳарбий амалиётларида шу кунгача 501 одам ҳалок бўлган, 3135 одам жароҳатланган.

АҚШ Давлат Котиби Жон Керри можарони муҳокама қилиш учун Мисрга келиши кутилаяпти.

Оташкесимга эришиш йўлидаги музокаралар давом этар экан, жаноб Керри душанба куни Қоҳирада сиёсий раҳбарлар билан учрашади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Душанба кунининг ўзида Исроил ҳужумларида 20 фаластинлик ўлдирилди. Уларнинг 16 нафари Ғазо жанубида қурбон бўлган.

"Кўзни очувчи мажлис"

Якшанба куни тунда ўтказилган БМТ Хавфсизлик Кенгаши мажлиси Иордания илтимоси билан очилган. Иордания кескин тарзда ёзилган резолюция лойиҳасини таклиф қилгани ишонилади.

Би-би-сининг БМТдаги мухбири Ник Брайантга кўра, кенгаш аъзолари ўзаро келишувга эришмаганлар, бироқ Руанданинг БМТдаги элчиси Южин Гасана йиғилиш "кўзни очувчи мажлис" бўлганини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Унинг айтишича, кенгаш аъзолари Ғазодаги зўравонликнинг ошиб бораётганидан хавотир изҳор қилганлар.

Улар, шунингдек, қурбонлар сонининг ортаётганидан "жиддий хавотир" изҳор қилганлар ва халқаро инсонпарварлик қонунларини ҳурмат қилишга чақирганлар.

"Қирғин"

Ғазонинг Шежайя тумани қаттиқ бомбардимон қилиниши оқибатида 60дан ортиқ фаластинликлар нобуд бўлар экан, Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос Исроил амалларини "қирғин" дея тасвирлади.

У Ғазодаги ҳолат "чидаб бўлмас" эканини айтди ва Исроил ҳужумларини "инсониятга қарши жиноятлар" дея тамғалади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Айни дамда Исроил Бош Вазир Бенямин Нетаняху, шанба ва якшанбада нобуд бўлган исроиллик аскарлар сони 18га етишига қарамай, амалиётларни давом эттиришини билдирди.

АҚШ Давлат департаменти воизи Жен Псакининг тасдиқлашича, ҳалок бўлган аскарларнинг икки нафари АҚШ фуқаролари бўлганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer