Туркияда 67 нафар полиция зобити ҳибсга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Туркия Бош вазири Фатҳуллоҳ Гюленнинг "Хизмат" ташкилотини "давлат ичида давлат" қуришга интилаётганликда айблайди

Туркияда камида 67 нафар полиция зобити жосуслик ва телефон суҳбатларни ноқонуний эшитишда гумон қилиниб, ҳибсга олинган.

Гумонланувчилар орасида Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғанга яқин шахслар устидан тергов ишларини юритган полиция зобитлари ҳам бор.

Туркия бўйлаб ўтказилган рейдлар чоғида ҳибсга олинганлар орасида Истанбул шаҳар полицияси террорга қарши курашиш бўлимининг собиқ икки раҳбари ҳам бор.

Улардан бири, Юрт Атаюн журналистларга: "Қўлимни орқадан кишанлашди. Буларнинг бари сиёсий," - деб айтган.

Истанбул прокурорининг айтишича, Бош вазир, давлат вазирлари ва Туркия истихборотининг бошлиғи дохил минглаб нафар инсонлар телефон суҳбатлари тингланган.

Ҳибсга олиш буйруғи 100 нафардан ортиқ инсонга нисбатан чиқарилган.

Икки полиция комиссари ва бўлинма бошлиғи пойтахт Анқарада ҳибсга олинган, деб хабар беради "Анадўли" ахборот агентлиги.

Ўтган йил декабрида коррупцияга боғлиқ текширувлар бошлатилар экан, уч давлат вазирининг фарзандлари ҳибсга олинган ва ортидан тўрт давлат вазири ўз вазифасидан истеъфо берганди.

Бош вазирнинг даъво қилишича, мазкур тергов ишлари унинг АҚШдаги руҳоний рақиби Фетҳуллаҳ Гюлен тарафдорлари томонидан йўлга қўйилган.

Жаноб Эрдўған ва унинг ўғли, Билол, ўртасидаги телефон суҳбат феврал ойида ижтимоий веб тармоқлар орқали тарқалди.

Унда ота-ўғил йирик миқдордаги пулни қаерга яшириш тўғрисида суҳбатлашишади.

Хабарларга кўра, сешанба куни ҳибсга олинганлар орасида феврал ойида ўтказилган амалиёт пайти навбатчилик қилган Истанбул полицияси бошлиғининг ўринбосари ҳам бор.

Шу йил аввалроқ Би-би-си билан бўлган суҳбатида жаноб Гюлен унга нисбатан илгари сурилган айбловларни рад этганди.

Душанба куни журналистлар билан учрашган бош вазир "мамлакатни тозалаш" ишларидан ортга қайтмаслигини айтган.

Туркия бош вазирининг даъво қилишича, жаноб Гюленнинг "Хизмат" ташкилоти "давлат ичида давлат" қуришга интилмоқда.

Би-би-сиЎзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ