Икки аёлни бирлаштирган ўлим

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Тожбиби - Афғон уруши беваси. Унинг тўрт боласи етим қолган.

Кобуллик Тожбибининг ҳаёти бошқа афғон аёлларникидан у қадар фарқ қилмайди: Ота-онаси раъйи билан турмушга чиққан, тўрт нафар боласи бор ва кўп минг сонли афғон аёллари каби у ҳам эрини урушда йўқотган.

Тожбибининг умр йўлдоши Афғонистон армиясида аскар эди. Аммо етти йил аввал ҳалок бўлган.

" Совчи келганида бўлажак куёвни кўрсатишганди. Яхши одам экан. Майли, розиман дедим" - Тожбиби қайтмас бўлиб кетган бахтли онларини эслайди.

"Аммо аскар экансиз, сизга бир кор-ҳол бўлса, мен нима қиламан?" - деб ёлворардим дейди Тожбиби - "Эрим эса ишламасам, оилани рўзғорни ким тебратади, деб айтарди".

Ҳар куни эри ишдан қайтгунича Тожбибининг фикри-хаёли минг бир жойга кириб чиқарди. Бир куни унинг қўрқувлари даҳшатли ҳақиқатга айланади.

Қор ёққан қора тун

"Ўша оқшом қор ёғаётганди. Бирданига уйимиз олдига автомашиналар келиб тўхтади ва ғала-ғовур бошланди. Дарвозага чиққан ўғлим, "Дадам" деб айтди, холос".

"Дадасини келтиришибди. Фақат тобутда".

"Юрагидан ўққа тутишибди. Кийими ғалвирдек илма-тешик бўлиб кетганди".

Ўша машъум кунларда Тожбибининг бешинчи фарзандига энди кўзи ёриган эди. Аммо эри ўлгач, дунёи кўзига қоронғу бўлиб, ҳатто боласига ҳам қаролмайди. Отасининг ортидан, чақалоқ қизи ҳам нобуд бўлади.

"Кечалари ухлолмайман. Жиннидек бўлиб қолдим. Кундуз кунлари-ку уй ишлари билан ўзимни овутаман. Аммо оқшомлари кўзимга уйғу келмайди. Худди эрим эшик олдида менга қараб тургандек бўлаверади".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Афғон зобитлари жангарилар учун биринчи нишон ва ҳар сония хавф-хатар остида ишлашади

Афғонистонда иш пайти ҳалок бўлган зобитларнинг оилалари махсус нафақа олишга ҳақли. Аммо Тожбиби эрининг гувоҳномасини йўқотиб қўйган ва шу боис бир тийин ёрдам пули ё нафақа ололмайди. У ҳатто марҳум турмуш ўртоғи ишлаган идорани ҳам билмайди.

Тўғриси, узоқ қишлоқдан кўчиб келган Тожбиби Кобул кўчаларини ҳам тузук билмайди.

У ҳозир ўта қашшоқликда кун кечирмоқда. Болалари усти юпун, оёқяланг.

"Отаси борлигида болаларим жинси шимларда, янги кўйлакларда юришарди. Ҳозир оёғига пойабзал олиб беришга ҳам қурбим етмайди" - йиғлайди Тожбиби.

"Дадам қачон келади?"

Британиялик Ники Англия жануб-ғарбида икки фарзанди билан яшайди. У бир неча йил олдин аскар йигитга кўнгил бериб, бир ёстиққа бош қўйишганди.

"Содда эканман" - паст оҳангда гапиради Ники - "Аскарга турмушга чиқсам, уларни қаерга олиб кетишади, нима қилдиришади деган саволлар хаёлимга келмабди".

"Ўшанда бир дугонам менга ҳеч қачон аскарга турмушга чиқмасликни маслаҳат берганди. Лекин севгининг кўзи кўр бўлади, дейишади-ку..."

Никининг турмуш ўртоғини Афғонистонга жўнатишади. 2009 йили эса унинг хизмат пайтида ҳалок бўлгани ҳақида шумбхабар келади..

Ўшанда унинг қизалоғи етти ойлик чақалоқ бўлган.

Бугун тили бурро қизалоғи бир саволни ҳадеб такрорлайверади.

"Ана Томаснинг дадаси келди-ку, менинг дадам қачон келади?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ники аскар эри Афғонистонда ўлим билан юзма-юз келишини билмаган.

Нима қизчасига нима деб жавоб беришни билмайди. Энди мактаб бораётган катта ўғли ҳам баъзида алам билан бу саволни такрорлайди.

"Рост, Томаснинг дадаси Афғонистондан қайтиб келди-ку, нега энди бизнинг дадамиз қайтмаслиги керак?!"

Ники ҳамон ҳарбий шаҳарчада истиқомат қилади. Лекин бугун уни бу ерга нима боғлаб турганани тушунолмайди.

"Гоҳида ҳарбийлар шаҳарчасига қарайман-да, ўзимни бегона ҳис қиламан. Чунки мен бу ерга эрим туфайли кўчиб келгандим. У эса энди йўқ".

Никининг фарзандларини баъзан хайрия байрамларига олиб боради. Ҳукумат уларнинг бепул дам олишлари учун йўлланмалар беради.

"Аммо бу болаларим юзига кулгу келтиролмайди" - дейди Ники.

"Мен эса уларга, табассум қилинглар, бунга ҳаққингиз бор, ахир отангизни юзимизда кулгу билан эслашимиз керак эмасми, деб айтаман".

НАТО кучлари Афғонистонни ташлаб чиқишмоқда. Аммо Толибон қулатилганидан бери ўтган 13 йил давомида бу мамлакатда 13 минг нафар афғон аскари ҳалок бўлди. Британия эса 453 нафар аскарини қурбон берди.

Аммо бу рақамлар ортида турган оилалар, уларнинг тақдири ва фожеасини на рақамда, на сўзда ифода этиш мумкин.

Минглаб бева аёллар, етим болалар ва бағрихун оналарнинг бу бевақт ўлимларга сабр қилиш, чидаш ва кўникишдан бошқа иложлари ҳам йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ