Нави Пиллай Исроилни уруш жиноятларидан огоҳлантирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Нави Пиллай Исроилнинг Ғазо бўлгасидаги ҳарбий амалиётларини қоралаган, уруш жиноятлари содир этилгани эҳтимолдан холи эмас, деб айтган.

Пиллай хоним Женевада чақирилган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг фавқулодда йиғилишида гапирган.

БМТ Олий комиссари сўзларига кўра, Исроил ҳукумати ўзи айтаётганидек тинч фуқароларни ҳимоя қилиш учун етарли чора кўрмаган.

Нави Пиллай Ҳамасни ҳам Исроил ҳудудини "тартибсиз ҳужум"га тутишда айблаган.

"Халқаро қонун поймол этилганининг кучли аломатлари мавжуд, улар уруш жиноятлари сифатида кўрилиши мумкин", деган Пиллай хоним.

Аммо Исроил томони БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашини бир ёқламасликка йўл қўяётганликда айблаган.

Бу, Исроилнинг БМТ тергови билан ҳамкорлик қилиши даргумон, деганини англатади дея хабар қилади Женевадан Би-би-си мухбири.

Reuter ахборот агентлиги хабарига кўра, Исроилнинг Адлия вазири Ципи Ливни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашини "аксилисроил ташкилот" деб атаган.

Расмийларга кўра, 15 кунлик жанглар оқибатида камида 649 фаластинлик ва 31 исроиллик ҳалок бўлган.

БМТга кўра, Ғазо бўлгасида ҳалок бўлганларнинг 74 фоизи тинч фуқаролар бўлганлар, Исроил ҳаво ҳужумига тутган иншоотлар орасида тиббиёт муассасалари ҳам бўлган.

Ғазо бўлгасидан мухбирларнинг хабар қилишларича, Хан Юнис шаҳрида қаттиқ жанглар бўлиб ўтган.

Минглаб тинч фуқароларнинг ҳали ҳам хавфсиз жой қидириб яшаб турган жойларини ташлаб кетишларига тўғри келмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ