Жазоир Ҳаво йўллари учоғи қулади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Жазоир расмийларининг маълум қилишларича, мамлакат ҳаво йўллари ширкатига тегишли учоқ 116 йўловчиси билан қулаб тушган.

Учоқ Буркина Фасодан Ал-Жазоирга қараб йўл олганди.

Маълумотларга кўра, учоқда 116 нафар йўловчи бўлган. Улардан 50 нафари Франса фуқаросидир.

Франса ҳукуматига кўра, пайшанба куни эрталаб кўкка кўтарилган учоқ билан Мали устидан кетаётган вақти алоқа узилган.

Алоқа узилишдан сал аввал учувчи Нигер парвозларни кузатиш маркази билан боғланиб, тўфон туфайли йўналишни ўзгартиришга мажбур бўлаётганлигини айтган.

Учоқ Air Algerie ширкати томонидан Испаниянинг Swiftair ширкатидан ижарага олинганди.

Йўловчилар орасида шунингдек, 24 нафар Буркина Фасо, тўрт Жазоир, икки Люксембург, бир Белгия, бир Швецария, бир Нигерия, бир Украина, бир Камерун ва бир Руминия фуқаролари бўлишган.

Учувчилар ва парвоз хизматчиларининг ҳаммаси Испания фуқаролари бўлишган.

Ливан расмийлари унда 10 нафар Ливан фуқароси бўлганлигини ҳам айтишган.

Жазоир расмийлари ҳозирча учоқ ҳалокатига нима сабаб бўлганлигини маълум қилишмаган.

Учоқ қулаб тушган ерда қуролли гуруҳлар ҳам фаол экани айтилади.

Лекин ҳозирча ҳалокатга ёмон об-ҳаво шароити сабаб бўлгани эҳтимоли кўпроқ дейилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ