Бородай: “Биз рус халқидан ёрдам олаяпмиз...”

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Шарқий Украинадаги россияпараст бўлгинчилар раҳбарига кўра, Малайзиянинг MH17 йўловчи учоғини уриб туширишга қодир ракета қурилмалари уларда ҳеч қачон бўлмаган.

Ўз ҳолича Донецк Халқ Республикаси эълон қилиб олган рус бўлгинчилари раҳбари Александр Бородай қўл остидаги жангариларининг ушбу учоқ ҳалокати учун масъуллигини кўрсатадиган далилларни "сохта" деб рад этди.

Лекин бошқа бир суҳбатида у жангчилари қўлида бундай қурол борлигидан хабардорлигини билдирганди.

Шарқий Украина осмонидан учиб ўтаётган Малайзия учоғи бир ҳафта олдин уриб туширилган ва ундаги 298 нафар йўловчи ва экипаж аъзоларининг барчаси ҳалок бўлганди.

Бу хунрезлик учун шарқий Украинадаги рус жангарилари масъул, деб ишонилади.

Киев мулозимларига кўра, ўтган чоршанба куни бўлгинчи руспарастлар Украинага қарашли иккита ҳарбий учоқни ҳам уриб туширишган.

Учоқда қурбон бўлганларнинг кўпчилиги Нидерландия ва Малайзия фуқаролари.

Россияпараст жангарилар раҳбари ўзлари назорат қилаётган ҳалокат саҳнасида қолган учоқ йўловчилари жасадларига ҳурмат билан муносабатда бўлишмаган, деган айбловларни ҳам рад этди.

Шунингдек, бу ҳудудларда Россияда ишлаб чиқарилган SA-11 русумли ракета тизими ускуналари умуман бўлмаганини урғулади.

Ҳозирда учоқ ҳалокатига саҳна бўлган жой ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ҳақида ҳабарлар келмоқда.

Воқеа жойида бўлган Би-би-си мухбирига кўра, у ерда ҳеч ким йўқ, ҳалокат саҳнаси ўраб олинмаган, ҳеч қандай текширувчи ё фавқулодда вазиятларда ишловчи ҳодимлар кўринмайди.

Бородай: “Биз рус халқидан ёрдам олаяпмиз...”

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бородай Би-би-си билан суҳбатда Россиянинг бўлгинчи исёнчиларга таъсири мавжуд эканини инкор этмайди. Украинадаги бўлгинчилар Россия фуқаролари томонидан бошқарилаётгани ҳақида даъволарга қарши ҳам Бородайнинг айтадиган тайинли гапи йўқлиги аёнлашади.

Габриэл Гейтхаус ҳикояси

Тушлик вақти исёнчилардан қўнғироқ бўлди.

Уларнинг раҳбари бизни кўришга тайёр экан.

Ўзини Донецк Халқ Республикаси деб эълон қилган ҳудуднинг бош вазири Александр Бородай, жинси курткада, ахборот уруши ҳақида гапиради.

У бизга ўз қарашларини уқтирмоқчи бўлади…

Лекин вақт оз, Донецк ҳар куни бомбардимон қилинмоқда.

У ва унинг одамлари жанговор ҳолатда, хатто ичкарида ҳам асаблар таранг эканини сезиш мумкин.

Исёнчилар, уларга қарши тоғдек далил-исбот йиғилганига қарамай, Малайзия учоғининг қулашига алоқалари борлигини рад этишда давом этишаяпти.

Жаноб Бородайнинг аскарлари қулаш майдонида далилларни топташда, ҳатто Барак Обама томонидан ҳақиқатни яширишда айбланди.

«Бу қип-қизил тухмат, очиғи… Мен Обаманинг ўзига нисбатан бундай айбловларни илгари суришни хоҳлаймайман, чунки тушунаман, унда фактлар борасида тўла маълумот йўқ. У украина тарғибот машинаси билан озиқлантирилмоқда…»

Лекин, шунга қарамай, бир неча кун халқаро экспертларга қулаш майдонига келишга изн берилмади…

«Бу ёлғон. Қанақасига изн берилмади? Биз халқаро экспертларни чақирдик ва улар келишини кутдик. Лекин Киев уларнинг олдига турли тўсиқларни қўйди. Киев бу ерга ҳеч ким келишини истамади. Шахсан ўзим ва ҳукуматимнинг бошқа аъзолари халқаро ташкилотлар вакилларини чақирдик, овозимиз борича қичқирдик, келинглар, тезроқ келинглар, нима учун экспертларингизни олиб келмаяпсиз, дедик.»

Мен ундан балки қўрқишгандир деб сўрайман.

«Балки қўрқишгандир, демак уларни Киев томони қўрқитган. Биз ўз томонимиздан уларнинг хавфсизлигини таъминлашга кафолат берамиз деб айтдик. Улар 100 фоиз кафолат дейишди, лекин қандай қилиб жанг кетаётган томонда 100 фоиз хавфсизлик кафолати бўлсин? Бу бемаънилик», дейди у.

Учоқ қулашидан уч кун ўтиб ҳам қурбонларнинг жасадлари далаларда сочилиб ётарди.

Исёнчилар жасадларга нисбатан бепарволикда, уларнинг ёз иссиғида чиришига йўл қўйиб беришда айбландилар.

Лекин жаноб Бородай буни қатъиян рад қилади.

«Биз бошиданоқ буни қилмоқчи эдик, лекин Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти вакили бизга қаттиқ босим ўтказди. У "Жасадларга қўл теккиза кўрманг! Мен 57 мамлакат вакилиман. Агар тегсангиз, 57 мамлакат сизни у қилади, бу қилади", дея таҳдидлар қилди. Бир кун кутдик, икки кун, уч кун ва биронта эксперт келмади. Биз, ахир қанисизлар, ҳурматли экспертлар, халқаро ҳамжамият, нега ҳеч ким келмаяпти, деб сўрадик. Улар эса Киевда ўтираверишди. Лекин 30 даража иссиқда жасадларни шундай қолдириш бу ноинсонийлик, бу бемаънилик, шунинг учун биз ортиқ кутиб ўтирмадик…»

Бугун ҳам икки ҳарбий учоқни уриб туширишларига қарамай, исёнчилар қаттиқ босим остида қолишган. Ўтган бир неча ҳафта давомида улар қатор муҳим истеҳкомларидан ортга чекинишган. Улар ҳали ҳам катта ҳудудларни назорат қилишади, Украина уларни сиқиб чиқариш учун, халқаро экспертлар келганига қарамай, ўз ҳарбий амалиётларини давом эттирди.

Бородай бир қатор шаҳарлар фақат тактик йўл учун тарк этилганини айтади.

Кучни қайтадан тўплаш ҳаракатида эканини урғулайди.

Мен ундан бошқа давлатлардан қурол-яроғ ва ёлланма аскарларни олаётгани ҳақида сўрайман.

«Биз ҳарбий ўлжа олаяпсиз. Бизнинг қўлимизга катта миқдорда ўлжа тушаяпти. Буни биз душманларимиздан тортиб олаяпмиз. Бу ҳудудларда Украина армиясининг базалари бўлган. Бу базалар бизнинг қўлимизга ўтди, ундаги қурол- аслаҳа омборлари, бронитехника ҳам бизга ўтди», дейди у.

Учоқларни уриб туширишга мўлжалланган БУК русумли қурол ҳақида сўрайман.

У рад этади. Бизда БУК бўлмаган дейди.

Суратлар ҳақида сўраганимда, у БУК туширилган суратлар компютерда ишланган деб гапни айлантиради.

Россиядан ёрдам масаласида эса, « биз рус халқидан ёрдам олаяпмиз», дейди.

«Биз халқнинг ёрдамини олаяпмиз, бизга кўнгиллилар келишаяпти, шахсан ўзим ҳам рус халқидан келган ёрдамман. Мен Россия фуқаросиман ва Москва шаҳри яшовчисиман. Мен Донбаслик эмасман. Бу ерга кўнгилли билан келганман. Тақдир тақозоси билан, мен қурол ушлаб окопда ўтирганим йўқ, балки Бош вазир курсисида ўтирибман».

Бородай ўзининг жосуслик хизматларига, хусусан Россия хавфсизлик хизматига алоқаси борлигини рад қилади.

« Махсус хизматлар ходимлари орасида танишларим кўп. Мен профессионал сиёсатшуносман, шундай экан, сиёсатчилар, бизнесменлар, махсус хизматлар ходимлари орасида танишларим кўп», дейди у.

«Мана масалан, жуда яхши танишим бор, у махсус хизматларнинг истеъфодаги собиқ аъзоси. У бизнинг мудофаа вазиримиз, полковник Стрелков. У ҳам Москвалик. У махсус хизматларда ишлаганида ҳам менинг яқин дўстим эди. Уни 20 йилдан бери танийман. Хўш, нима қилибди», деб сўрайди Бородай.

Бунақа алоқалар билан Россия ҳукумати таъсир ўтказиши мумкинми, деб сўрайман ундан.

«Назарий олиб қаралса, албатта ўтказа олади. Лекин ўтказмайди», дейди у.

Нима учун?

«Буни Россия ҳукуматидан сўранг».

Шарҳингизни Whatsapp орқали ҳам йўллашингиз мумкин, телефонимиз: +44-78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ