'МН17 ҳалокатида шахсан Путин айбдор'

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Оврўпо Иттифоқи Владимир Путиннинг энг ишонган амалдорларини жазоламоқда

"Шарқий Украинада Малайзия йўловчи учоғи уриб туширилиши учун шахсан Владимир Путин ва Россия айбдор".

Оқ Уй вакили Жош Эрнест Вашингтонда матбуот вакилларига қарата бу борада айтаркан, АҚШ жосуслик хизматлари олиб борган тадқиқотлар натижасида ана шундай хулосага келинганини урғулади.

Россия вакиллари эса "айбловлар асоссиз ва АҚШ бизни ёмонотлиқ қилмоқда", деб 300 нафарга яқин инсон умрига зомин бўлган Малайзия учоғи ҳалокатига ўз алоқалари борлигини рад этишмоқда.

Ғарбнинг ишонишича, шарқий Украинадаги бўлгинчи жангарилар Россияда ишлаб чиқарилган ва Москва берган махсус қурилма ҳамда қуролларни ишга солиб, ушбу учоқни уриб туширганлар.

Айни дамда, Оврўпо Иттифоқи Россия ва Украинадан 15 нафар мулозим ва 18 ташкилотга қарши қаратилган жазо чораларини эълон қилди.

Уларнинг барчаси Украина ҳудудий яхлитлигига дахл қилган шахс ҳамда ташкилотлар сифатида таърифланмоқда.

Жазо чоралари Россиядаги энг юқори мартабали бир неча мулозимни қамраб олмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Малайзия учоғини россияпараст жангарилар уриб туширгани айтилмоқда

Улар орасида, хусусан, ФСБ раҳбари Александр Бортников, Ташқи Жосуслик Хизмати бошлиғи Михаил Фрадков, Хавфсизлик Кенгаши котиби Николай Патрушев ва Чеченистон президенти Рамзан Қодиров номлари бор.

Ушбу рўйхатдаги шахсларнинг энди Оврўпо Иттифоқи ҳудудига кириши тақиқланади. Агар биронтаси Оврўпо банкларига пул қўйган бўлса, маблағлари ҳам музлатилади.

Шу асно Оврўпо Иттифоқи "қора рўйхати"га тушган россиялик шахслар сони 100 нафардан ошиб қолди.

Нега бош жосуслар?

Россия Федерал Хавфсизлик (ФСБ) ва Ташқи Жосуслик хизматлари раҳбарлари ҳамда Хавфсизлик Кенгаши раҳбарларига нисбатан киритган ўз жазо чоралари сабаблари Оврўпо Иттифоқи батафсил изоҳлаган.

Хусусан, бу шахслар "Украина мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига хавф соладиган Россия ҳукумати сиёсатини ишлаб чиқишда иштирок этишган" дейилади.

"Қора рўйхат"га тушган бошқа бир сиёсатчи - Дума депутати Михаил Дегтярев Украина шарқидаги бўлгинчилар ўзларича эълон қилиб олган "Донецк Республикаси"нинг Москвада элчихонасини очишни таклиф қилганди.

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров эса Кремлнинг "Қримни озод қилгани учун" медали билан тақдирлангани сабаблаи жазо чораларига юз тутмоқда.

Image caption Чеченистоннинг москвапараст президенти Рамзан Қодиров ҳам Ғарб "қора рўйхати"да

Бундан ташқари, Рамзан Қодиров 74 минг нафар чечен йигитини Украинага жўнатиб, у ердаги россияпараст бўлгинчиларга ёрдам бериши ҳақида эълон қилганди.

Жазо чоралари қўлланилган Украина мулозимлари эса Киевга қарши чиқиб, мамлакат шарқида россияпараст бўлгинчиликни бошқарган ҳамда ўз ҳолича "халқ республикалари" эълон қилиб олган шахслардир.

Янги "республикалар" ҳам жазоланади

Жазо чоралари, шунингдек, россияпарастлар эълон қилиб олган Донецк ва Луганск каби бўлгинчи республикаларга ҳам қарши қаратилган.

Шу қаторда "Луганск Гвардияси", "Жанубий-Шарқ Армия", "Донбасс Халқ кўнгиллилари" ва "Шарқ" каби россияпараст жангари гуруҳлар ҳам Оврўпо Иттифоқи "қора рўйхати"га тушган.

Севастополь ва Керчень денгиз бандаргоҳлари, қатор санаторий ва заводлар ҳам Украина мулкига дахл қилгани учун жазоланади.

Россия рус миллатига мансуб бўлгинчи жангариларига оғир ва мураккаб қуроллар берганини ёки бошқа амалий жиҳатдан уларни қўллаётгани ҳақидаги фикрларни рад этади.

Бироқ бу жангарилар раҳбарлари Россиядан қурол олишгани ҳақида зиддиятли хабарлар тарқатишган.

Яккаланган Россия

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Путин яккаланиб қолган - ҳеч бир собиқ Совет давлати уни очиқ қўлламаяпти

Айни дамда халқаро доирада Россия тобора яккаланиб ва иҳоталаниб қолмоқда. Собиқ Совет ҳудудларидаги ҳеч бир давлат расман ва очиқдан-очиқ Кремлни қўллаётгани йўқ.

"Нариги тарафда АҚШ ва Оврўпо ҳамда қатор бошқа давлатлар бирлашишган" - дейди Тожикистондан сиёсатчи Суҳроб Шарипов.

"Лекин Россияни ҳеч бир собиқ Совет давлати, ҳатто, энг яқин иттифоқчилари бўлган Беларусь ва Қозоғистон ҳам қўлламаяпти".

Аксинча, Қримнинг Россияга қўшиб олиниши ва Шарқий Украинадаги воқеалар Қозоғистонни хавотирга сола бошлаган.

Негаки, Қозоғистон аҳолисининг учдан бир қисмига яқини руслар ё русийзабонлар бўлиб, улар Россияга чегарадор шимолий минтақаларда анча зич яшашади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ