Холланд эскпертлари Украинадаги ҳалокат сатҳига сафарни бекор қилишган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Халқаро расмийларга кўра, Холландия экспертлари парвоз рақами MH17 бўлган "Малайзия ҳаво йўллари" учоғи ҳалокатга учраган ҳудудга бориш режасини бекор қилган.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти сафарнинг бекор қилинишини хавфсизлик нуқтаи назаридан дея тушунтирган.

Айни минтақада россияпараст бўлгинчилар ва ҳукумат қўшинлари ўртасида жанглар кечаётгани хабар қилинади.

Аввалроқ, Малайзия ҳалокат сатҳига халқаро полиция кучларини жойлаштириш юзасидан исёнкорлар билан келишувга эришилганини айтганди.

Парвоз рақами MH17 бўлган учоқ 17 июл куни бордидаги 298 нафар одами билан Украина шарқидаги исёнкорлар назорат қилаётган ҳудудга қулаб тушганди.

Исёнкорлар учоқни уриб туширганликда айбланади.

Россия томони эса, учоқ Украина ҳарбийлари тарафидан нишонга олинган бўлиши мумкинлигини айтади. Украина ҳукумати бу айбловларни рад этган.

"Қабул қилиб бўлмас хатар"

Айни пайтда Донецкда бўлган текширув гуруҳи Украина кучлари ва исёнкорлар ўртасидаги сулҳга қарамай, текширув ҳайъати воқеа жойига боришга имкон топа олмаяпти.

"У ерда жанглар бормоқда. Биз таваккал қила олмаймиз", деб айтган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотидан Александр Хуг.

"Манзилга кетиш йўлидаги ва ҳудуднинг ўзидаги хавфсизлик вазияти қуролсиз кузатувчилар ҳайъатимиз учун қабул қилиб бўлмасдир", дея қўшимча қилган у.

Шарқий Донецк ва Луганск вилоятлари ҳукумат кучлари ва исёнкорлар ўртасидаги қақшатқич жангларга саҳна бўлган. Ҳукумат кучлари исёнкорлар таянч нуқталари назоратини қўлга олишга уринмоқда.

Якшанба куни Грабов шаҳри яқинидаги ҳалокат сатҳи яқинида снарядлар портлагани ҳақида хабарлар бор.

Танглик

Холланд расмийлари MH17 парвози ҳалокати туфайли нобуд бўлганлар маълум сондагиси жасадлари текширилгани ва шахслари аниқланганини айтишган, аммо тафсилотларни ошкор қилишмаган.

Холландияга ҳозиргача жами 227 жасад етказилган.

Би-би-си мухбирига кўра, ҳозир исёнкорлар назоратидаги Донецк шаҳридан 30 кишидан иборат экспертлар гуруҳи йўл олган ҳодиса жойи атрофида вазият таранг қолмоқда.

"Исёнкорлар журналистларни ҳалокат содир бўлган жойга қўйишмаган ва Украина қўшинлари ҳам яқин-атрофда экани айтилади", дея қўшимча қилади у.

Холланд Адлия вазирлиги воизининг Би-би-сига айтишича, ҳозир мутахассислар ҳайъати олдидаги асосий вазифа барча жасадларни ортга қайтаришдир.

Малайзия бош вазири Нажиб Раззоқ якшанба кунги баёнотида Украина бўлгинчилари раҳбари Александр Бородай билан келишувга эришилганини тасдиқлаган.

Битимга кўра, халқаро полиция "халқаро текширувчиларни муҳофаза қилиши" учун ҳалокат сатҳига боришига рухсат берилади.

Айни пайтда Холландия ва Австралия Украина парламентидан ҳодиса жойига халқаро полиция кучлари жойлаштирилишига изн кутмоқда.

Қўшма Штатлар йўловчи учоқ исёнкорлар тарафидан Россия тарафидан берилган ракета билан, эҳтимолки, янглиш уриб туширилганига ишонишини айтган.

Россия эса, Украинага оғир қуроллар жўнатаётгани ҳақидаги хабарларни рад этиб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02