Ҳамас Исроил билан 24 соатлик оташкесим эълон қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Фаластин жангари гуруҳи Ҳамас Исроил билан ўртада 24 соатлик оташкесим эълон қилган.

Ҳамас воизи оташкесим маҳаллий вақт билан 14:00да бошланишини билдирган.

Аммо, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Ҳамас аллақачон ўз оташкесимини бузгани ва "Исроил ўз халқини ҳимоя қилиши шарт бўлган ишни қилиши"ни айтган.

Олдинроқ, Исроил ҳарбийлари Ғазодан ракеталар отилиши тўхтамаганини айтиб, ҳарбий амалиётларини қайта бошлаётгани ҳақида маълум қилишганди.

Сўнгги қарама-қаршиликлар 1,060 нафар фаластинлик ва 46 нафар исроилликнинг умрига зомин бўлган.

Оташкесим ҳайитга ҳозирликлар манзарасида олинган

Фаластин соғлиқни сақлаш бўйича расмийларнинг билдиришларича, Ғазода ўлдирилганларнинг аксари оддий фуқаролардир.

Исроил томонидан эса, 43 аскар ва уч фуқаро ҳаётдан кўз юмган.

Шанба куни Исроил БМТнинг 24 соатлик оташкесим талабини қабул қилган, бироқ Ҳамас шартларга амал қилмаса, шунга яраша иш кўриш юзасидан огоҳлантирганди.

Ва якшанба куни эрталаб Исроил ҳарбийлари Ҳамас ракеталари "узлуксиз отилгани"ни айтиб, Ғазога қарши ҳаводан, қуруқликдан ва денгиздан ҳужумларини қайта бошлашга қарор қилганини билдирган.

Ғазо Бўлгасини назорат қилувчи Ҳамас эса, токи Исроил қўшинлари Ғазони тарк этмас экан ҳамда бошпанасизлар уйларига қайтишларига изн берилмас экан, сулҳни қабул қилмаслигини таъкидлаганди.

Аммо, Исроил ҳужумлари қайта бошланганидан кўп ўтмай, Ҳамас инсонпарварлик сулҳини қабул қилишга қарор берган.

"Рамазон ҳайитига ҳозирлик ва БМТ воситачилик ҳаракатларига жавобан, шунингдек, одамларимизнинг яшаш шароитларидан келиб чиқиб, биз Фаластиндаги барча тарафлар билан якшанба куни 14:00дан бошланадиган 24 соатлик оташкесимга рози бўлдик", дейди Ҳамас воизи Сами Абу Зуҳри.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02