Россия Ташқи ишлар вазири Би-би-сини цензурада айблади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Лавров Би-би-сидан норози

Россия Ташқи ишлар вазири Би-би-сини цензурада айблади

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ольга Ившинанинг видеолавҳаси Би-би-си Рус хизматининг саҳифасидан олиб ташланишини “цензуранинг кўриниши” деб таърифлаган.

"Умид қиламизки, бизнинг ғарблик ҳамкасбларимиз ахборот олиш ҳуқуқига доир эркинлик қоидаларига риоя қилишади», деб айтган Лавров жаноблари матбуот анжуманида.

Ташқи ишлар вазири Ғарб давлатларини Малайзияга тегишли учоқ ҳалокатига доир ахборотларни яшириш ва унинг таъбирича, Киевнинг тинч фуқароларга нисбатан зўравонлигини кўриб кўрмасликка олишда айблаган.

“MH17 ҳалокати: Би-би-си Букни қидиради» деб номланган лавҳа 25 июл куни Рус хизматининг саҳифасида эълон қилинган ва кейинроқ лавҳанинг «мукаммал бўлмагани ва Би-би-сининг таҳририй қадриятларига тўла жавоб бермагани» учун олиб ташланган эди.

Шу билан бир қаторда, Британия матбуотини мувофиқлаштирувчи Ofcom ташкилоти Russia Today телевизион тармоғи томонидан Малайзия ширкати учоғининг ҳалокатига доир бир томонлома хабарчиликка доир муштарийларнинг шикоятини текширмоқда.

Бу телевизион тармоқ Россия ҳукумати томонидан молияланади.

Ғарбга саволлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Russia Today ни ҳозиргача бир неча журналист тарк этган

Лавровга кўра, учоқ ҳалокатини текширишга доир амаллар турфа саволларни ўртага отади.

Масалан, диспетчерлар орасидаги сўзлашувлар ҳозир ҳам ошкор этилгани йўқ."Америкаликлар учоқ қулаши сабабларига доир рад этиб бўлмайдиган далилларга эгамиз дейишмоқда, хўп, унда нима учун бу далиллар ошкор этилмаяпти», деб сўраган Сергей Лавров.

Амстердамдан Куала-Лумпурга йўл олган учоқ 17 июл куни Донецк вилоятининг Грабово қўрғони яқинига қулаб тушган эди.

АҚШнинг жосуслик хизматларига кўра, бу учоқ афтидан россияпараст бўлгинчилар томонидан уриб туширилган.

Аммо бўлгинчилар бу даъволарни рад этишади.

Лавров мамлакат шарқидаги россияпараст кучлар ва Киев ўртасида музокаралар тез орада бошланишига умид билдирган.

Аммо Россия Ташқи ишлар вазирига кўра, Россия томонидан Қримнинг қўшиб олинишига доир масала муҳокама этилмайди.

Лавров Украинадаги зиддиятни Ғазо бўлгасидаги вазиятга тенглаштирган.

Ғарб давлатлари Россия бўлгинчиларни дастакламоқда деган фикрда собит қолмоқда.

Айни мана шу ҳолат мамлакатни инқирозни яна ҳам ёмонлаштирмоқда.

Саҳифадан олиб ташланган лавҳа

Image caption "Бук" русумидаги ракеталар исёнчилар ихтиёрида бўлганми?

Ольга Ившинанинг аввалига нашр қилинган ва кейинроқ олиб ташланган лавҳаси Россия матбуотида жиддий норозиликларга сабаб бўлган.

Иккинчи бор нашр қилинганида лавҳада томонларнинг нуқтаи-назарлари тўлароқ акс этган.

Унга Киевнинг расмий муносабати қўшилган.

Киевга кўра, Малайзия учоғи қулаган куни Украина ҳарбий учоқлари яқин атрофда парвоз қилмаган.

Лавҳадан фақатгина Украина контразведкаси раҳбари Виталий Найданинг фикрлари Би-би-си муҳаррирларига кўра, лавҳага мос бўлмагани учун олиб ташланган, холос.

Россия матбуоти маҳаллий аҳолининг фикрлари учун олиб ташланди деб даъво қилар экан, бунинг акси ўлароқ, маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатларга «тегилмаган».

"Би-би-си ўз ўзини цензура қилиш билан шуғулланмайди, балки ўз журналистлари савол беришдан тортинмасликларига ишонади. Бу саволлар суҳбатдош учун ноқулай ва мушкул бўлиши мумкин», деб айтган Би-би-си Рус хизмати муҳаррири Ян Ледер.

Ўтган ҳафта Россиянинг Russia Today тармоғи мухбири Сара Ферт айнан Малайзия учоғи ҳалокатининг ёритилишидан норозилик билдириб истеъфо берган эди.

Унинг айтишича, Россия ҳукумати молиялайдиган Russia Today телеканали мавжуд фактларни ўз манфаати йўлида ишлатган ва очиқдан очиқ Украина томонини айблаган.

Russia Today эса бу айбловларни ва Британиянинг оммавий-ахборот воситаларни мувофиқлаштирувчи ташкилотга тушган шикоятларни рад этади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02