Гаага: Россия ЮКОС учун 50 миллиард доллар тўлаши керак

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Гаага судига кўра, Россия амаллари ЮКОСни ўзлаштириб олишга тенг бўлган

Россия ЮКОС ширкатининг собиқ эгаларига 50 миллиард доллардан ортиқ товон пули тўлаши керак. ЮКОС ишини 10 йилдан ортиқ кўриб чиқаётган Гаагадаги арбитраж суди ана шундай қарор қабул қилди.

Маҳкама ЮКОС акцияларига эга бўлган учта ширкатнинг аризаларини бирлаштирган.

"Арбитраж судлари бир овоздан қарор қилишдики, Россия Федерацияси аризадорларнинг ЮКОС ширкатидаги ҳиссаларини ўзлаштириб олишга тенг қадамларни қўйган, ва шу билан Энергитика Хартиясига боғлиқ Келишувнинг 13(1)-моддасини бузган. Натижада Россияга аризадорларга товон тўлаш буюрилади", - дейилади суднинг душанба куни чоп қилинган қарорида.

Мазкур суд ишида ЮКОС ҳиссадорларини бирлаштирувчи GML (Group Menatep Limited) гуруҳи жабрланувчи сифатида иштирок этган.

GML эгалари қаторига ЮКОСнинг собиқ эгаларидан бири ва Россияда бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Леонид Невзлин ҳам киради.

Суд қарори устидан шикоят қилиш учун Россияга 10 кун муҳлат берилган. "Коммерсант" нашридаги манбалар Москва бундай имкониятдан фойдаланишига шубҳа йўқлигини айтишмоқда.

Би-би-си мухбирига кўра, душанба куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров суд қароридан шикоят қилинишини тасдиқлаган.

"Россия томони ва Россияга бу жараёнда вакиллик қилаётган вазирлик ва идоралар албатта ўз даъволарини қўллаб-қувватлаш учун барча ҳуқуқий имкониятлардан фойдаланадилар", - деб айтди жаноб Лавров.

Агар суднинг апелляцион босқичи қарорни сақлаб қолса, Россия 2015 йил 15 январигача 50 миллиард доллар товон тўлаши керак бўлади. Тўланмаган тақдирда, товон пулининг фоиз кўрсаткичлари ошиб боради.

50 миллиардлик товон

Аризадорлар Россиядан 100 миллиард доллар ҳисобида товон талаб қилишганди, бироқ суд бу миқдорнинг ярми тўланиши борасида қарор қилган.

Россия томони эса мазкур ишда Энергетика Хартияси қўлланиши мумкин эмаслигини иддао қилган, чунки мазкур келишув 1994 йилда Бош Вазир Виктор Черномирдин томонидан имзоланган бўлса ҳам, парламент томонидан тасдиқланмаган бўлган.

ЮКОС иши 2003 йилда бошланган. Унда ЮКОСнинг президенти ва асосий ҳиссадори Михаил Ходорковский ҳибсга олинган, ширкатнинг ўзига қарши эса солиқдан бўйин товлаш айблари билан жиноий иш очилган.

2004 йилда ҳукумат кимошди савдоси билан ЮКОСнинг асосий активи бўлмиш "Юганскнефтегаз" ширкатини сотиб, солиқ қарзларини ёпган.

Қисқа муддатга ташкил қилинган "Байкалфинансгруп" ширкатни сотиб олган, сўнгра Юганскнефтегаз"ни ҳукуматга тегишли бўлган "Роснефть" ширкатига сотган.

2005 йилда панжара ортида бўлган жаноб Ходорковский GMLдаги ўз улушини шерикларига сотган, ва шундан бери ЮКОС учун кетаётган курашда иштирок этмай келган.

2006 йилда ЮКОС банкрот дея эълон қилинган ва бир йил ўтиб расман ёпилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02