Гуржистон: Саакашвилига сиртдан айблов эълон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Михаил Саакашвили айбларни сиёсий деб атаган

Гуржистон Бош прокуратураси душанба куни мамлакатнинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қарор чиқарган.

Прокуратурадан билдиришларича, бу иш 2007 йил 7 ноябрда намойишчиларни куч билан тарқатиш, "Имеди" телекомпаниясига бостириб кириш ва Бадри Патаркацишвилининг мол-мулкини ноқонуний равишда топширишга боғлиқдир.

Айтилишича, қарор чиқиши ортидан 24 соат ичида Саакашвилига қарши расман айблов эълон қилиниши керак. Бироқ, Саакашвили тергов органларига келишдан бош тортмоқда.

Саакашвили жанобларидан ташқари, айблов ҳақидаги қарор гўёки ўз лавозимини суистеъмол қилгани учун ўша пайтдаги ички ишлар вазири Вано Мерабишвили, бош прокурор Зураб Адеишвили, мудофаа вазири Давид Кезерашвили ва Тбилиси ҳокими Гиги Угулаваларга қарши чиқарилган.

Тергов жиноий кодекснинг 333-моддаси бўйича давом этмоқда. Айбдор деб топилганлар беш йилдан саккиз йилгача озодлик маҳрум этилишлари мумкин.

Гуржистон прокурорининг қароридан аввал Саакашвили душанба тонгида иккинчи марта гувоҳ сифатида кўрсатма беришга чақирилган, бироқ у келмаган.

Президентлик фаолиятининг иккинчи муддати тугаши ортидан Гуржистонни тарк этган Саакашвили айбловларни "сиёсий" дея қоралади.

Бу мавзуда батафсилроқ